750 миллион тоннадан зиёд нефть. Атиги битта нефть ўтказиш йўли орқали Қозоғистон 20 йил ичида жаҳон бозорига шунча миқдорда «қора олтин» экспорт қилган. Бу ҳақда Қосим-Жўмарт Тўқаев Каспий қувур ўтказиш консорциумининг 25 йиллигига бағишланган йиғилишда айтиб ўтди. Президент таъкидладики, тармоқнинг ўтказиш қуввати йилига 67 миллион тоннага етган. 2023 йилда бу кўрсаткич 80 миллион тоннага етказилиши режа қилинган. Мегалойиҳа халқаро ўлчамларга кўра йирик ҳисобланган Тенгиз, Қарачағанақ ва Қашаған конларини ўзлаштириш имконини берди. Мамлакатда нефть қазиб олиш умумий ҳажмининг 60 фоизи шу конлар ҳиссасига тўғри келади. Давлат раҳбари нефть-газ сектори – Қозоғистон иқтисодиёти ўсишини таъминлайдиган асосий соҳалардан бири эканлигини айтиб ўтди.
Хуршида Абдуллаева таржимаси