Қозоғистонлик жаҳонгашта Россия, Моңголия, Хитой ҳудудлари орқали 3 ойда 3 минг километр масофа босиб ўтди. 74 ёшдаги отахон Сарсенбай Қотирашов шу тариқа дунё бўйлаб саёҳатининг яна бир босқичини ниҳоясига етказди. Эслатамиз, у 2 йил аввал дунё бўйлаб саёҳатга отланганди. Олдинига она ватанини кезди. 6 ойда турли минтақаларда бўлди ва 8 минг километр масофани ортда қолдирди. Ўтган йили Россия, Грузия ва Туркиянинг ажойиб манзараларани кўриб қайтди. 100 кунда 3 минг километр юришга муваффақ бўлди. Энди у бошқа материкларни ҳам забт этиш ҳақида ўйлаяпти.
Сарсенбай Қотирашов, саёҳатчи:
– Келгуси йилда Истамбулга учиб бораман ва Европа бўйлаб саёҳатга чиқаман. Болгария, Сербия, Венгрия, Австрия, Германия, Франциядан ўтганимдан кейин самолёт билан Америка Қўшма штатларига ўтаман. Насиб қилса, Атлантика океани соҳилидан Тинч океани соҳилигача пиёда бораман.
Сарсенбай Қотирашев қатор археологик экспедицияларда қатнашган. Минглаб кўҳна ёдгорликларни тиклаган тажрибали реставратор. Йўл босаркан, у учраганларга қадимий тарихимиз, миллий қадриятларимиз ҳақида ҳикоя қилади.
Сарсенбай Қотирашов, саёҳатчи:
– Мақсадим – ном чиқариш, эл-юртга танилиш, рекорд қўйиш эмас. Юртим, элим олдидаги фуқаролик бурчимни ўташ, билган-кўрганимни, маънавий бойлигимни ёшларга улашиш. Мен китобдан ўқиб олганимни, одамлардан эшитганимни эмас, ўз кўзим билан кўрган, қўлим билан ушлаган нарсаларни айтиб юришни истайман.
Қозоғистонлик саёҳатчи дунёни кезиб чиққач, кейинги сафарда ҳар бир туркий мамлакатни айланиб бўлгач, муқаддас Маккага пиёда боришни режалаштирган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.