Пойтахтда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съезди ўз ишини якунлади. Тадбир ниҳоясида декларация қабул қилинди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу ҳужжатнинг ўта муҳим эканлиги, халқаро ташкилотлар ва сиёсатчилар ундан намуна сифатида фойдалана олишини таъкидлади. «Эндиги вазифа – ушбу Декларация ғояларини фаол илгарилатишдан иборат», деди Давлат раҳбари. Шунингдек, 2023-2033 йилларга мўлжалланган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съездини ривожлантириш лойиҳаси тайёрлаш тавсия қилинди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мен 2023-2033 йилларга мўлжалланган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съездини ривожлантириш лойиҳасини тайёрлаш зарур, деб ҳисоблайман. Унда мазкур анжуманнинг нуфузини ошириш ва уни янада ривожлантириш учун аниқ қадамлар ва босқичлар кўзда тутилиши зарур. Бизнинг вазифамиз цивилизациялар ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаш, илгарилатиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан иборат. Яна бир марта миннатдорчилик билдираман, бирдамлик ва бағрикенглик билан ишлашга чақираман.
Таъкидлаш лозимки, қабул қилинган Декларация БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилади. Ҳужжатни ўқиб берган Англикан черкови махсус вакили Жо Бэйли Уэллс таъкидлашича, съезд қатнашчилари туфайли қабул қилинган декларация дунёдаги сиёсий етакчилар, дин жонкуярлари, тегишли минтақавий ва халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, диний бирлашмалар ва етакчи экспертларга берилади.
Жо Бэйли Уэллс, Англикан Черкови махсус вакили:
- Биз Қозоғистон Республикасига Съезд ишини мукаммал ташкил қилгани, Қозоғистон халқига эса меҳмондўстлиги ва бағрикенглиги учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съезди ишини давом эттирамиз ва келгуси VIII Съездни 2025 йилда Қозоғистон Республикаси пойтахтида ўтказиш ниятимизни тасдиқлаймиз.
Икки кунлик анжуман терроризм, экстремизм, таълим ва ижтимоий мавзулардан ташқари, съезд тарихида биринчи марта аёлларнинг жамиятдаги ўрни масаласини ҳам муҳокама қилганини таъкидлаш жоиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.