Ўзбекистондаги фестивалда 70 давлат усталари ҳунарини намойиш этди

Ўзбекистондаги фестивалда 70 давлат усталари ҳунарини намойиш этди

Ўзбекистонда ўтказилаётган III халқаро халқ амалий санъати фестивалида 70 та давлатдан 300 нафардан зиёд уста иштирок этяпти. Дастурга кўра ҳунарманд усталар учун ярмарка ва кўргазмалар ташкил этилди. Махсус конференцияларда улар профессионал тажрибасини баҳам кўрди. Тадбир доирасида II Халқаро кулоллар форуми ўтказилди. У Марказий Осиёдаги энг йирик сирланган сопол буюмлар ишлаб чиқариш маркази – Риштон туманида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Қозоғисоон, Россия, Беларусь, Татаристон, Молдова, Грузия, Туркманистон, Қирғизистон, Эрон ва бошқа давлатлардан келган усталар ўз маҳсулотини намойиш этди. Форум якунига кўра савдо ва туризм соҳасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш тўғрисида қатор шартномалар тузилди.

Ўмар Тахат, кулол /Иордания/:

- Бундай кўргазма турли давлатлар кулоллари ўртасида тажриба алмашиш учун яхши имконият. Маданий ва тадбиркорлик алоқалари ўрнатилади. Эҳтимол, келажакда ўзбек усталари билан контракт тузарман, улар ўзига хос маҳсулот чиқаряпти.

Снежана Хайрулина, фестиваль иштирокчиси /Россия/:

- Ўтган фестивалда ҳам қатнашганман, жуда қизиқарли. Бу ерда ажойиб усталар йиғилган. Тарих, замин, бой анъаналар рамзларини олиб кетишни истардим. Бу касбни ўрганишни истайман.

Абдумалик Сарманов таржимаси