Ички туризм ривож топмоқда

Ички туризм ривож топмоқда

Улитауда очиқ осмон остидаги музей вужудга келади. Унинг маркази Жўжихон мақбараси бўлади. Ҳозирда сайёҳлар учун барча шарт-шароит яратиладиган тарихий-маданий мажмуа қурилиши якунланмоқда. Энг муҳими, реконструкция пайтида мақбаранинг тарихий қиёфаси сақланиб қолган. Сағанадан унча олис бўлмаган ерда Жўжихонга аталган етти метрли монумент ўрнатилган. Бундан ташқари, марказдан улкан экспозиция зали ва 2 та кузатув галереяси жой олади. Тарихий-маданий мажмуа музей, этноқишлоқ ва сувенир дўконларини ўз ичига олади.

Бахтияр Қўжахметов, "Улитау" миллий қўриқхона-музейи директори:

- У бутун дунё биладиган машҳур Чингизхоннинг ўғли. Тўнғич ўғли. Қозоқ хонлари Жўжихон авлодлари саналади, Чингизхоннинг бошқа ўғиллари эмас, айнан Жўжихоннинг. Унинг номи, ҳайкал, мана шу мажмуа орқали биз сайёҳларга ва дунёга кўчманчилик маданияти жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшганини сўзлаб беришни истардик.

Ҳозирда Улитауда туризм фаол ривожланмоқда. Бунинг учун ташриф-марказ қурилди. Унинг қурилиши, ишга туширилиши учун республика бюджетидан 546 миллион тенге ажратилган. Бу ерда меҳмонхона, музей, кутубхона, маълумот зали ва ҳатто болалар ўйин хонаси ҳам бор. Марказ бир вақтнинг ўзида 100 кишини сиғдира олади.

Аман-Серик Есенғалиули, музей ходими:

- Айни пайтда биз 2 та туристик агентлик билан ишлаймиз. Энг муҳими, расмий сайтимизда туристик йўналишлар кўрсатилган. Бизда 25 та мажмуа бор, улар бўйича саёҳатчилар барча маълумотни олиши мумкин.

Улитау туманида 6 мингга яқин тарихий ёдгорлик мавжуд. Бугунги кунда фақат уларнинг 20 фоизи ўрганилган ва давлат муҳофазасига олинган.

Абдумалик Сарманов таржимаси