Туркманистонда Наврўз кенг кўламда нишонланяпти. Тоғ олди ҳудудларида байрам муносабати билан шарқ шаҳарчаси бунёд этилди, оқ ўтовлар тикилди.
Ҳунармандлар малакасини ва ўзлари ясаган буюмларни намойиш қиляпти. Чор-атрофда байрам таомлари қайнатилаётган қозонларни кўрасиз. Асосий емак – ундирилган буғдойни бир кеча қайнатиб, мўл ҳосил бўлиши учун дуолар қилганча пиширилган семени́. Маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар ажойиб концерт, полвонлар курашини томоша қилди, ҳалинчакларда учди.
Равшанбек Алимов, Ўзбекистон Республикасининг Туркманистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Ажойиб муҳит! Ушбу баҳор байрами дунёда тинчликни мустаҳкамлаш, давлатлар, халқлар орасида дўстликни, бирдамликни, ҳамкорликни тараннум этади, бунёдкорликка чорлайди.
Яна Ангелопулу, турист (Греция):
- Туркманистонга Грециядан келдим. Бу ердаги муҳит менга жуда ёқди. Наврўз тантаналаридан завқ оляпман. Туркман халқининг меҳмондўстлигига қойил қолдик. Бу мамлакатга ривож ва фаровонлик тилаймиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

