Ўзбекистон қурилиш соҳасида Қозоғистон тажрибасини ўрганмоқчи. Икки мамлакат ўртасида тегишли меморандум имзоланди. Жумладан, Қозоғистон илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти қурилиш ишларида зилзилабардошлиликка эришиш, вибродинамик синовлар юзасидан билимларини баҳам кўради. Айтмоқчи, 3 йил аввал олимларимиз Тошкентда 9 қаватли бинонинг емирилиш даражаси бўйича махсус синов ўтказганди. Кейинчалик бу бино Ўзбекистонда уй-жойлар дастури учун намунавий лойиҳа сифатида олинди.
Арман Хасен, «КАЗНИИСА» ҲЖ қурилишни меъёрлаш маркази директори:
- Бу йўналишда Марказий Осиё ва собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида пешқадамлардан биримиз. Шунинг учун улар бизга мурожаат этди. Делегация келиб кетди. Тажрибамизни, смета нормативлари тизимини ўрганишда, иш ташкил қилиниши уларга маъқул келди. Ўз фаолиятида қозоғистонлик мутахассисларни жалб этиш фикри билдирилди.
Ўзбекистонда қурилиш соҳасида халқаро меъёрларни жорий этиш, нарх белгилаш, маълумотларни моделлаштиришда Қозоғистон тажрибасидан фойдаланиш кўзланган.
Арман Хасен, «КАЗНИИСА» ҲЖ қурилишни меъёрлаш маркази директори:
- Шунингдек, улар BIM технологиялари йўналишига қизиқиш билдирди. Бу қурилишда маълумотларни моделлаштириш ва лойиҳалаштиришнинг замонавий технологияси. Йил охиригача ва келгуси йил давомида шу билан шуғулланамиз. Биз қўшни давлатга илмий-техник ёрдам кўрсатишимиз ҳисобига энг камида шу соҳада мамлакат нуфузи ортади.
2019 йилда қозоғистонлик мутахассисларга шу масалада Туркманистон ҳам мурожаат этган. Лекин пандемия туфайли бу иш тўхтаб қолган. Қозоғистон қурилиш ва меъморчилик институтига МДҲ мамлакатларида зилзилага бардошли қурилишлар бўйича базавий ташкилот мақоми берилган. Бу эса Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги илмий-тадқиқот институтлари ўртасида маълумот алмашиш юзасидан ягона майдончага айлантирди.
Абдумалик Сарманов таржимаси