Қозоғистон олимлари вақт ўтиши билан ўчиб кетмайдиган йўл чизиғи яратди. Қозоғистон йўлсозлик илмий-тадқиқот институти мутахассислари таъкидлашича, ноу-хау автойўлларнинг бутлигига салбий таъсир кўрсатувчи мамлакатнинг кескин континентал иқлимига бардошлилиги сабабли жуда узоқ вақт хизмат қила олади. Инновациявий материал юқори намлик шароитида юмшамаслиги, қайишқоқлиги юқори, оғир шароитларга мос бўлгани учун қаттиқ совуқда парчаланмаслиги билан ажралиб туради. У бугунги кунда йўлдаги чизиқларни чизиш учун ишлатилаётган барча моддалардан ҳам нархи, ҳам чидамлилиги, узоқ муддат хизмат қилиши билан устун. Шунинг учун ҳам рақобатбардош. Муаллифлар таъкидлашича, ўзига хос чизиқлар Қозоғистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилашга хизмат қилади.
Мейрамгуль Қабдиғалиева, Йўл қурилиш материаллари ва янги технология департаменти директори:
– У бошқа аналогларига нисбатан қайишқоқлиги сабабли сув ва иссиқлик таъсирига бардошлилиги билан ажралиб туради. Лабораторияда текширилган, шу кунларда мамлакатнинг жанубий қисмида дала синовидан ўтяпти. Материални тез орада шимолий вилоятларда ҳам текширувдан ўтказамиз. Маҳсулот барча чиғириқлардан ўтиб, самарадорлиги исботлангач Қозоғистонда автомобиль йўлларида ишлатиладиган ватан маҳсулоти пайдо бўлди дея оламиз.
Бундан ташқари, иқлимнинг йўл сифатига таъсирини ҳисобга олган ҳолда институт мутахассислари грунт барқарорлаштирувчиси, бетон учун шимдиргич, битум модификатори каби материаллар яратди. Энг муҳими, уларнинг барчаси деярли фақат мамлакат хомашёсидан ясалади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.