Кангуй даври ёдгорликлари топилди

Кангуй даври ёдгорликлари топилди

Туркистон вилоятида олиб борилган қазув ишлари давомида 2 минг йил аввалги даврга мансуб ғорлар топилди. Мутахассислар фикрича, улардан топилган осори атиқалар, турли буюмлар Кангуй давлати даврига оид.

Александр Подушкин, профессор:

- Кангуй даврида ижтимоий муносабатлар юқори ривожланган. Тахминларга қараганда, бу табақаланган жамият мавжуд бўлган, мулк мавжудлигига кўра бўлиниш кузатилган. Аҳолиси турли касблар билан шуғулланган, энг муҳими  –  Кангуй  даврида моддий маданият жуда юксак эди.

Олимлар аниқлашича, кангуйларнинг дафн маросими кўплаб урф-одат ва ирим-сиримларга асосланган. Масалан, хок махсус жойга олиб борилган ва уни қўйиш учун алоҳида йўлакда махсус шинак ясалган. Қабрга сопол идишлар, марҳум ҳаётлигида фойдаланган темир буюм ҳам қўйилган.

Гулмира Стамқулова, талаба:

- Ўша даврларда одам тириклигида фойдаланган нарсалар қабр ортидаги ҳаётда ҳам ишлатилиши мумкинлигига ишонишган. Кўмишдан олдин, мурданинг қўли маросим тошига қўйилган. Улар тасаввурига кўра, шу тариқа марҳумлар дунёси билан алоқа ўрнатилган. 

Қазув ишлари давом этади, топилган қадимий артефактлар эса синчиклаб ўрганилади. Кейинроқ олимлар уларни «Ўрдабаси» тарихий-маданий миллий қўриқхонага топширади. У ерда кенг кўламли тарихий-маданий мерос билан танишиш мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси