Қозоғистонлик журналистлар ўз касб байрамини - Оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини нишонлайди. Шу муносабат билан, ҳар йилги анъанага мувофиқ, медиасоҳанинг энг яхши вакиллари тегишли муассаса раҳбариятининг табрик-қутловларини қабул қилади. Медаллар ва фахрий ёрлиқларни топширишга бағишланган тантанали маросим «Қазмедиа орталиғи» биносида, вазирлик раҳбари Аида Балаева бошчилигида ўтказилди. Вазир ўз сўзида ахборот соҳасига алоқадор бўлганларнинг барчасига профессионаллик ва ўз ишига содиқлик учун ташаккур билдирди.
Аида Балаева, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири:
- Сизнинг материалларингиз ҳамиша жамиятнинг ўткир, долзарб масалаларини кўтариб чиққан, сизнинг меҳнатингиз туфайли улар барҳам топади. Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муаммолар яхши тарафга ўзгаради, материалларимиз билан одамлар ҳаётини қутқарамиз, қишлоқлар, вилоятлар ва бутун давлатни ривожлантирадиган муҳим масалаларга урғу берамиз.
ОАВ вакилларига «Ақпарат саласының үздігі» кўкрак белгиси, «Құрмет» ёрлиғи ва «Еңбек ардагері» медали топширилди. Мукофотланганлар орасида Казинформ фотомухбири Виктор Федюнин ҳам бор.
Виктор Федюнин, «Казинформ» ХАА фотомухбири:
- Журналистикада 2000 йилдан бери фотомухбир сифатида ишлаб келаман. Биз ҳар доим халқаро майдондаги ва юртимиздаги энг қизиқарли воқеаларни ёритамиз. Фаолиятим давомида, албатта, кўз ўнгимда янги пойтахт шаклланди, биз бу жараёнларни суратга олдик, кўрсатдик ва телевидение ходимлари билан елкадош бўлиб ишлаймиз. Байрам билан, барча ҳамкасбларга соғлиқ, бахт тилайман!
Абдумалик Сарманов таржимаси