Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиомажмуаси Саудия Арабистонининг “Saudi Press Agency” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Унинг доирасида ахборот контенти алмашуви кўпайтирилади.
«Бу икки давлат аудиторияси учун умумий миқёсда рўй бераётган воқеалардан хабардор бўлиш имконини беради. Томонлар контент алмашув, журналистларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни кўзламоқда», дея маълум қилади телерадиомажмуа матбуот хизмати.
Қозоғистон-Саудия Арабистони: Ҳамкорлик истиқболлари
Дарвоқе, Давлат раҳбарининг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида ўнлаб стратегик муҳим ҳужжатлар имзоланди. Бу, ўз аҳамияти билан, нафақат ушбу икки давлат, балки бутун Яқин Шарқ ва Марказий Осиё учун янги бошланиш нуқтаси бўлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз ўтказган таҳлилга кўра, Қозоғистон йилига 400 миллион долларга яқин маблағга тенг бўлган 100 дан зиёд турдаги нохомашё товар таклиф эта олади, бу - машинасозлик, чўян ва пўлат, шунингдек, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидадир.
Бугунги кунда Қиролликдаги 50 та йирик компания Қозоғистон билан сермаҳсул шериклик қилиш истагида. Зеро, республикамиз дунёда биринчи ўринда турувчи вольфрам, уран, хром захираларига эга. Улар қимматбаҳо ва рангли металл конларига қизиқиш билдирган. Энг кўп маблағ агросаноат мажмуасига йўлланиши режа қилинган. Форс қўлтиғида жойлашган ушбу давлат тадбиркорлари Қозоғистонда донни қайта ишловчи бутун бир цикл барпо этиш ниятида.
Бахит Султанов, Бош вазир ўринбосари, савдо ва интеграция вазири:
- Бугун кўплаб соҳаларда шартномалар тузилди, бу маҳаллий ва саудиялик тадбиркорларга лойиҳалар борасида келишув нуқталарини топишда кўмаклашади. 9 та шартнома ичида энг йириги агросаноат мажмуасига қаратилган, 200 миллионга тенге.
Абдумалик Сарманов таржимаси.