Қозоғистондаги IT-компаниялар 300 минг доллардан зиёд инвестиция жалб этди. 94 та маҳаллий фирма 875 минг долларга шартнома ва келишувлар тузган. Бунга Astana Hub тақдим этган Scalerator махсус дастури имкон берди. Ушбу лойиҳа, технопарк вакиллари айтишича, ўз аъзоларига янги бозорларга чиқиш, бошқа давлатларда ўз фаолиятини йўлга қўйишга ёрдам беради. 8 ҳафта давомида «стартапёрлар» экспертлар билан биргаликда рақобатчиларни ўрганди ва хориждаги савдо майдончаларига чиқиш учун маркетинг стратегиясини ишлаб чиқди. Содда қилиб айтганда, лойиҳа қатнашчилари энг яхши мутахассислардан бизнес-ҳамкорлар топишда профессионал кўмак олди. Натижа ҳам ўзини куттирмади.
Меруерт Тлеубергенова, Astana Hub бизнес-дастурлар офиси менежери:
- Рақамларга кўра, жами 234 та ариза тушган, 94 та айти-компанияда татбиқ этилди. Уч йўналишда, бу Шимолий Америка ва Европадаги 30 та компания, яқин хориждаги 30 та компания, Жанубий-Шарқий Осиёда 34 таси йўлга қўйилди. 94 та компания 40 га яқин шартнома тузган. Яна қайси давлатларга чиқиш мумкинлиги борасидаги режаларга келсак, 2025 йилга мўлжалланган катта бир вазифа турибди: айти-хизматлар экспортини 500 миллион долларга етказиш.
Хуршида Абдуллаева таржимаси