Зарарли чиқиндилар миқдори 30 фоизга камаяди

Зарарли чиқиндилар миқдори 30 фоизга камаяди

Ушбу кўрсаткичга эришиш учун «Яшил Қозоғистон» миллий лойиҳаси доирасида юртимиздаги корхоналар энг яхши технологияларни жорий этиши керак бўлади. Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда Экология ва табиат захиралари вазирлиги қошидаги қўмита раиси вазифасини бажарувчи Айдар Абдуалиев шу ҳақда маълум қилди. Унинг айтишича, мамлакатимиздаги экологик муаммоларни ҳал қилиш учун вазирлик вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда махсус йўл харитаси ишлаб чиққан. Унда 485 та тадбир амалга оширилиши кўзланган. Уларнинг учдан бири, таъкидлади спикер, бугунги кунда тугалланган. Умуман, ушбу чора-тадбирлар 2025 йилга бориб, республикамизнинг 8 та шаҳрида атмосферанинг ифлосланиш индексини пасайтириш, 7 та янги канализация-тозалаш иншоотлари қуриш, 12 тасида қайта таъмирлаш ишларини ўтказиш, шунингдек, 24 та полигон барпо этиш учун замин ҳозирлайди.

Айдар Абдуалиев, Қозоғистон Республикаси экология ва табиат захиралари вазирлиги қошидаги экологик назорат ва тартибга солиш қўмитаси раиси в.б.:

- 2025 йилдан энг яхши ва қулай технологияларга ўтилиши юртимизда 10 йил давомида эмиссияни тахминан ярмига қисқартириш имконини беради. Бундан ташқари, экологик кодексда 2023 йилдан бошлаб, корхоналар чиқарадиган чиқинди манбаларини мониторинг қилишнинг автоматлашган тизими ўрнатилиши кўзда тутилган. Бу эса, ўз навбатида, эмиссия кўрсаткичларини онлайн тартибда кузатиб бориш,  қоида бузилишларга ўз вақтида чора кўриш, аҳолини ишончли ва тезкор ахборот билан таъминлашга замин яратади.

Хуршида Абдуллаева таржимаси