Манғистау вилоят ҳокимлиги берган маълумотга кўра, «Ақтау денгиз порти»га «Баутино» юклаш ҳудуди ҳам қўшилди. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистоннинг йирик бандаргоҳлари ҳудуди махсус иқтисодий зонага киритилиши оқибатида ижтимоий-иқтисодий вазият яхшиланади, вилоятнинг турли маҳаллий ва хорижий инвестициялар учун жозибадорлиги ортади. Энг муҳими, энг йирик халқаро транспорт йўлакларидан бирига жаҳоннинг энг яхши логистика компаниялари келади. Портларни ривожлантириш тадбирлари доирасида махсус иқтисодий зонада 2025 йилгача контейнер хаби бунёд этилиши режалаштирилган. Эслатамиз, Ақтау порти орқали Озарбайжон, Эрон, Туркманистон, Россияга қуруқ юклар, нефть ва нефть маҳсулотлари жўнатилади. Портда 12 миллион тонна йиллик қувватга эга 6 та нефть причали ишлаб турибди. Қуриқ портида эса 4 та причал бор. Ундан Бокуга нефть, металлар, кимё саноати маҳсулотлари экспорт қилинади. Баъзи юклар Қора денгиз орқали Европага жўнатилади. Йил бошидан буён порт орқали 550 минг тонна юк ташилди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки марта кўп.
Абдумалик Сарманов таржимаси.