Минг йиллар муқаддам Павлодар вилоятида яшаган халқлар дунёда биринчи бўлиб отни қўлга ўргатган. Кўп йиллар давомида Бўтай ва Бўрли каби археологик ёдгорликларни ўрганаётган олимлар шундай хулосага келди. Улар ғаройиб фактларни келтиради: қадимий идишлардаги органик қолдиқларни ўрганиш асносида бундан 5-6 минг йил аввал, энеолит даврида Бўтай манзилгоҳида яшаганлар бия сутидан фойдалангани аниқланган. Эрамиздан аввалги тўртинчи минг йилликда бўтайликлар биринчи бўлиб отни хонакилаштирган. Унинг генлари ҳар бир замонавий от қонида мавжуд.
Алан Оутрам, профессор /буюк Британия/:
- Ҳамкасбларим билан бирга археологик тадқиқотларда иштирок этяпман. Илмий ишим Қозоғистон шимолида, яъни Павлодарда яшаган Бўтай типидаги отларни ўрганиш билан боғлиқ. Бу ерда улар учун қулай об-ҳаво шароити шаклланган. Қозоғистонлик олимлар билан шу йўналишдаги ишларни давом эттираман.
Археологлар таъкидлашича, Бўтай ва Бўрли – нафақат Қозоғистон, балки бутун дунё илм-фани учун муҳим кашфиёт. Чунки отларни хонакилаштириш инсоният тараққиётида янги саҳифани очиб берди. Павлодар олий илмгоҳларидан биридаги археологик музейда қадимий арғумоқларни қўлга ўргатишга оид ноёб экспонатлар сақланади.
Виктор Мерц, археолог:
- Бу энг эрта аниқланган шакл, III минг йиллик охирида, III-II мингйилликлар орасида Понт-Каспий даштларидан хонакилаштирилган бошқа турдаги отлар кела бошлайди. Улар анча ювош, одамга ўрганишга мойил бўлган. Эрта бронза даврида бу жониворлар Понт-Каспий даштларида қўлга ўргатилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси