Жорий йилда
Қозоғистон 13 минг километр автомобиль, 6 минг километр темирйўлни тиклаш
ниятида. Қатор йўл участкаларида реконструкция ва таъмир ишлари бошланди. Шу
жумладан, Ақтўбе – Улғайсин ва Қарағанди – Жезқазған участкалари ремонт
қилиняпти. Марказ – Ғарб магистрали қурилиши мўлжалланган. У турли юкларни
Астанадан Ақтау портига етказишни осонлаштиради. Бу ҳақда Ҳукуматда бўлиб ўтган
йирик инвестлойиҳаларни рўёбга чиқариш бўйича йиғилишда маълум қилинди. Биринчи
ярим йилликда Қизилжар — Мўйинти участкасида ишлар якунланиши кутиляпти. Бундан
ташқари, автойўллар бардошлилигини ошириш бўйича қатор ишлар амалга ошириляпти.
Ўтган йили Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт
Тўқаев шундай топшириқ берганди. Бунинг учун автомат тарзда ўлчаш
тизимлари жорий қилинади. Улар ёрдамида транспорт воситалари габаритлари,
ортиқча юк ортиш ҳолатлари ҳақида маълумот аниқланади, йўл қопламаси бузилиши
олди олинади. Жами, 126 та датчик қўйилади.
Дархан
Иманашев, «Қозавтойўл» миллий компанияси» ҲЖ бошқаруви раиси:
– Лойиҳага
автомат тарзда ўлчаш тизимлари ўрнатилишини ҳам киритганмиз. Улар автомат
тарзда юк транспортининг габаритлари ва вазнини аниқлаб беради, агарда ҳар бир
ўққа тушадиган юк тегишли меъёрлардан ортиқ бўлса — маълумотлар ИРАП тизимига
юборилади. Бу эса транспорт воситаси соҳибига тегишли тартибда катта жарима
солинишига олиб келади.
Бундан ташқари,
келаси ойдан Ақтауда денгиз тубини чуқурлаштириш ишлари бошланади. Лойиҳа
рўёбга чиқарилиши ортидан портда кўпроқ кема қабул қилинади, денгиз дарвозаси
рақобатбардошлиги ортади. Шу билан бирга савдо флотини ривожлантириш доирасида
8 та янги кема олинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

