Қозоғистонда онлайн-курслар оммалашмоқда

Карантин – даромад учун тўсиқ бўлолмайди. Аксинча, чекловчи чора-тадбирлар креатив ғоялар туғилишига олиб келади. Нур-Султон шаҳрида яшовчи Кербез Ариспай қизи билан ҳам худди шундай бўлди. Кўп фарзандли она гўзаллик салони ёпилгач, бекор ўтирмади, янги касб эгаллади – қуритилган мевалардан совға-саломларни ижодий ҳавас билан безата бошлади. Буюртмаларни онлайн қабул қилади. Мижозлари кўпайди, хобби яхшигина даромад манбаига айланди. Тадбиркорлик қобилияти бу соҳада ёрдам берди – Кербез масофадан ўқитиш курси очди, эндиликда фуд-флористика сирларини ўргатмоқда. 

КЕРБЕЗ АРИСПАЙ ҚИЗИ, ТАДБИРКОР:

- Қозоғистонда бундай мактаб йўқ. Биз биринчи бўлиб фуд-флористикадан таълим беряпмиз. Шаҳар ва қишлоқлардан курсларга ёзилишяпти. Яқинда давлатдан 550 минг тенге грант олдим, бир ой ўқидим, сўнгра яримфабрикатлар цехини очдим.

Шуни ҳам айтиш керакки, бугунги кунда тадбиркорлик ва ўз ишингизни самарали юритишни рақамли майдончаларда ўрганиб олиш жуда осон. Замон шундай. Интернетда масофадан туриб қайта тайёргарликдан ўтиш, янги касб ўрганиш, кўнгилга яқин иш топишга ёрдам берувчи турли курслар тобора кўпайиб бормоқда. Яқин кунларда онлайн усулда янги малака олишни истовчилар учун ягона портал яратиш мўлжалланган.

НУРКЕН ТУЛЕУОВ, «МЕҲНАТ ЗАХИРАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАРКАЗИ» ҲЖ БОШҚАРУВЧИ ДИРЕКТОРИ:

- Электрон меҳнат биржасида қисқа муддатли онлайн-таълим майдончаси ишлаб чиқиляпти. Майдончани июлда ишга туширамиз. Унинг ёрдамида бандлик марказларига ариза топширганларнинг ҳаммасини онлайн ўқитишга муваффақ бўламиз, деган умиддамиз. Одамлар эҳтиёж катта бўлган курсларни танлайди.  IТ-соҳаси, бизнес ва тил ўрганиш шулар жумласидан.

Бу йўналишни ривожлантириш учун Электрон меҳнат биржасида «Малакалар банки» барпо этилади. Унда замонавий меҳнат бозорида талабга эга 8 мингдан зиёд ихтисослик рўйхати кўрсатилади. Рўйхат мунтазам тўлдириб борилади. Экспертлар фикрича, бундай ёндашув Қозоғистондаги эҳтиёж кам соҳаларда ўқиётганлар улушини камайтиришга хизмат қилади.