Евроосиё минтақасидаги соҳага оид энг муҳим конференциялардан бири - Astana Finance Days да дунёнинг 70 тадан зиёд давлатидан 3 минг нафар молия сектори вакили иштирок этяпти. Улар Астанадаги Астана халқаро молиявий марказида халқаро экспертлар замонавий бозорнинг долзарб масалалари, шу жумладан FinTech ноу-хаулари ва инвестициявий имкониятларни муҳокама қилишяпти. Қозоғистонда эса сармоя киритиш мумкин бўлган соҳалар кўп, дейди мутахассислар. Масалан, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки ҳамкорлик қилган йиллари давомида Қозоғистонга 10 миллиард евродан зиёд маблағ киритган. Натижада, уч юзтадан зиёд инфратузилмавий лойиҳа рўёбга чиқарилди. Олдинда яна кўп ишлар бор.
Ҳусайн Ўзхан, Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг Қозоғистондаги директори:
– Қозоғистоннинг рейтинги BBB минус, бу давлат яхши инвестициявий даражада. Мамлакат инфратузилмаларида инвестицияларга талаб жуда катта, у жуда кўп секторлар учун керак. Тақдим этилган дастур инфратузилмаларга салкам 80 миллиард доллар инвестиция талаб қилади. Уни рўёбга чиқариш, лойиҳалар амалга ошиши, даромад келтириши, хусусий ҳамкорлардан молия олиши учун ҳар томонлама мувофиқлаштирилган ва ташкил этилган ёндашув лозим.
Инвесторлар кўпроқ яшил молиялаштиришга эътибор қаратаяпти. Қозоғистон барқарор, камуглеродли келажакка эришиши учун инновациявий ёндашувларга муҳтож. Экспертлар фикрича, республикада яшил сертификатлар жорий этиш шундай ечимлардан бири бўла олади.
Ренат Бектуров, Астана халқаро молиявий маркази бошқарувчиси:
– Яшил энергия чиқарувчилар, гидроэлектростанциялар, шамол ва қуёш станциялари қўшимча капитал жалб этиши, яшил энергетика улушини янада ошириши учун бу нарса муҳим. Албатта, сертификатларини муҳтож бўлган, ҳавога кўп миқдорда карбонат ангидрид чиқарадиган йирик корхоналар, масалан, пўлат эритувчиларга сотиш учун яхши ташкил қилинган бозор керак. Тегишлича, бозор туфайли бу сертификатларнинг нархи адолатли бўлади. Ҳозир биз биржада шундай лойиҳани ишга туширяпмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.