Алматида тез ва блиц шахмат бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтяпти. 50 та мамлакатдан келган 300 нафар ўйинчи ғолиблик учун кураш олиб бормоқда. Биринчи кунда 5 та ўйинда 4 ярим очко олган норвегиялик Магнус Карлсен, россиялик Владимир Федосеев, ҳинд Аржун Эригайси ва нидерландиялик Йорден ван Форест пешқадамлик қиляпти. Махсус брифингда жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ишқибозлар ва ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди. У қозоғистонликлар меҳмондўстлигини алоҳида тилга олди.
Магнус Карлсен, гроссмейстер:
- Алматиликлар самимият билан «Қозоғистонга хуш келибсиз!» дейишди. Бундан жуда мамнун бўлдим, илиқ кутиб олгани учун барча қозоғистонликлардан миннатдорман. Сиз истаган шоу амалга ошади, деган умиддаман. Махсус тайёргарлик кўрмадим. Чунки, очиғини айтганда, деярли ҳар куни шахмат оламида бўламан. Мен унинг ичида яшайман, дейиш мумкин. Бу чемпионатда ҳам омадим келишига умид қиламан.
Таъкидлаш лозимки, шахмат бўйича жаҳон чемпионати 13 турдан иборат. Бош мукофотга даъвогарлик қилаётганлар орасида Жансая Абдумалик ва Бибисара Асаубаева ҳам бор. Жаҳон биринчилиги 30 декабрда якунланади. Халқаро турнир мукофот жамғармаси - 1 миллион доллар.
Абдумалик Сарманов таржимаси