Янги Конституцияда оилани муҳофаза қилиш кучайтирилади

Янги Конституцияда оилани муҳофаза қилиш кучайтирилади

Янги Конституцияда оила ва болаликни муҳофаза қилиш кучайтирилади. Астанада бўлиб ўтган халқаро конференция иштирокчилари таъкидлашича, Асосий қонуннинг 27-моддасида никоҳ ва оила давлат муҳофазасига олиниши, фарзандга ғамхўрлик ота-она ҳуқуқи ва вазифаси эканлиги кўрсатилган. 30-моддада вояга етган болалар ишлаш қобилиятини йўқотган ота-оналарига ғамхўрлик қилишлари кўзда тутилган. Шу тариқа, оила институти муҳофаза қилинади. Меъёрлар мамлакатда анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлайди, улар учун ҳуқуқий асос беради, деди депутатлар. Анжуманда қатнашган парламент аъзолари, олимлар, экспертлар аёллар ва болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, жуфтлик ўртасидаги муносабатларни тартибга келтирувчи механизмларни юқори баҳолади.

Екатерина Смолякова, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

- Қадриятлар тизими янгиланиши, кенгайишини кузатяпмиз, дейиш мумкин. Янги Конституцияда оила қадриятларига алоҳида эътибор берилади. Никоҳ ва оила эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқли ва кўнгилли иттифоқи эканлиги аниқ кўрсатилган. Бундан ташқари, оналик, оталик ва болалик давлат муҳофазасида бўлади.

Нургуль Тау, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

- Бу ерда она, ота ва бола оилавий қадриятлар асослари сифатида таъкидланяпти. Оила тушунчаси шундан иборат. Янги Конституция қабул қилинганидан кейин тегишли қонунларга мажмуавий ўзгаришлар киритилади. Янги меъёрлар оила, бола ҳуқуқлари, таълим ва бошқалар билан боғлиқ қонунларга ўзгаришлар учун асос бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси