Инвестиция йўнатлтириш учун ақл керак. Сиз қанча маблағга эга эканлигингизнинг мутлақо аҳамияти йўқ. Ишни режалаштира олиш ва аниқ мақсадга эга бўлиш – муваффақият калити, дейди молиячилар. Шуни ҳам айтиш керакки, инвестиция мавзуси қозоғистонликлар ичида оммалашиб боряпти. КАСЕ ҳисоблари ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Июлгача биржада қимматли қоғозларга инвестиция киритиш учун 180 минг жисмоний шахс ўз ҳисобини очган. Бу эса йил бошидагидан кўра 50 мингтага кўп.
Наталья Хорошевская, Қозоғистон Алмати жамғарма биржаси бошқарув раиси ўринбосари:
- Биржа вакиллари сони ўсишидаги бундай ўзгаришлар қувонтиради ва етарлича маълумот беради. Бу асосан 2 фактор билан боғлиқ. Биринчидан, жисмоний шахсларнинг молиявий саводхонлиги ошиб бормоқда. Сўнгги бир ярим-икки йил ичида брокер хизматлари фаоллик билан рақамлашаётгани кузатиляпти. Брокер ташкилотлари мобиль иловалар яратмоқда, мижозларни масофадан туриб идентификациялаш, ҳисоб очиш имкониятлари пайдо бўлди.
Шунга қарамай, локал жамғарма бозорида инвестиция воситалари етарли эмаслиги сезиляпти. Натижада, қозоғистонликлар хорижий майдончаларга чиқмоқда. Мамлакатимиз компаниялари жуда кам ҳолатларда IPOга чиқади, ваҳоланки, бунга эришилса, уларнинг молиявий аҳволи яхшиланади, чакана инвесторлар учун ҳам янги имкониятлар очилади.
Арман Батаев, Finmentor.kz асосчиси, Нур-Султон шаҳри:
- Бозорда кўпроқ хусусий ўйинчилар, яъни акционерлар бўлганида, у иш яхши кетиши, компания капитали ўсишидан манфаатдор бўлади. Хусусий мулк ҳамиша давлат мулкидан самаралироқ. Мулк хусусий одамлар қўлида бўлса, ходимлар ҳам, соҳиблар ҳам, топ-менежмент ҳам яхши кўрсаткичлардан манфаатдор.
Арман Батаев айтишича, кўплаб компанияларда биржага чиқиш салоҳияти бор. Лекин бу имкониятдан кўпчилик фойдаланмайди. Гап шундаки, IPO талаб қилган халққа очиқлик мақоми топ-менежмент учун фойдали эмас.
Арман Батаев, Finmentor.kz асосчиси, Нур-Султон шаҳри:
- Одатда, хорижда мавжуд классик талабларга кўра бирор компания бозорга чиққанида топ-раҳбарлар акцияларнинг бир қисмини бепул ёки жуда катта чегирма билан олади. Бундай опционни олиш, акцияларга эгалик қилиш учун раҳбарлар компания IPOга чиқишидан манфаатдор бўлади. Афсуски, бизда шу каби ўзгаришлар киритилмаган.
Инвестиция киритишга журъат этган қозоғистонликлар вақтни ўтказмаслиги зарур. Тажрибали ўйинчилар фикрича, бозорда қулай вазият шаклланган. Шу билан бирга, кўпни кўрган инвесторлар фикрича, битта компанияга эмас, бир нечтасига пул тиккан маъқул. Шунда ҳам бирортасига мавжуд капиталнинг кўпи билан 20 фоизини сарфлаш зарур.