Ягона пенсия тўлови: янги қоидалар

Ягона миллий пенсия жамғармасига сўнгги 2 ҳафта давомида жуда кўп мурожаатлар бўлди. Одамлар ўтган йиллар давомида қанча маблағ йиғилгани ва, энг муҳими, пенсиянинг қанчасини олиш мумкинлигини билишга уринмоқда. Ҳукумат идоралари ягона пенсия тўловлари қоидаларини тасдиқлади. Қозоғистонликлар эса оддий қоидаларга риоя этган ҳолда ўз маблағини нимага сарфлашни ўзлари ҳал қилади.

Ўз жамғармаси хусусида маълумот олишга муваффақ бўлганлар орасида Женис Ермуқанов ҳам бор. Жорий йилда унинг оиласи янги уйга кўчиб кирса ажаб эмас. Зарур миқдордан юқори бўлган пенсия маблағини Женис дастлабки бадалга қўшиш ва узоқ кутилган уйни сотиб олиш ниятида.

ЖЕНИС ЕРМУҚАНОВ, ЖУРНАЛИСТ:

- Бу янги хонадон сотиб олишни орзу қилаётганлар учун жуда яхши имконият. Мендаги заруратдан ортиқча маблағ уй ипотекаси учун дастлабки тўловнинг ярмидан зиёдини ташкил этар экан. Шу тариқа мен мақсадимга  –  уй сотиб олишга яқинлашдим.

“ЖССБ-24” иловаси орқали ҳисоб рақами очган қозоғистонликлар enpf-otbasy.kz портали орқали ўз жамғармасидан фойдаланиш тўғрисида ариза ёзиши мумкин. Бу майдонча шундай кўринишда. Портал устида сўнгги бир ой давомида «Отбаси банк» ва Ягона миллий пенсия жамғармаси мутахассислари меҳнат қилди. Шанбадан бошлаб бу хизмат ишга тушди. Банк вакиллари пенсия ҳисобига олинган уйни 5 йилгача сотиш тақиқланиши тўғрисида аҳоли орасида шов-шувга сабаб бўлган қоида ҳақида ҳам тушунча берди.  Маълум бўлишича, бу талаб ҳаммага бирдай тааллуқли эмас.

ЛАЗЗАТ ИБРАГИМОВА, «ОТБАСИ БАНК» ҲЖ БОШҚАРУВИ РАИСИ:

- Бу талаб фақат қоидалар қабул қилинганидан сўнг олинган ипотека қарзларига оид. Нега? Бундан кўзланган асосий мақсад – кўчмас мулк нархи ҳаддан зиёд кўтарилиб кетмаслиги. Акс ҳолда, кимлардир ягона пенсия тўлови ёрдамида уй сотиб олади, бир ойдан кейин уни муддатидан олдин ёпади ва орадан 2 кун ўтгач, анча юқори баҳода сотувга қўяди. Чунки ягона пенсия тўловини янгидан олганлар томонидан талаб катта бўлади.

Бундан ташқари, ягона пенсия тўловини қайта ишлатиш имкони чекланмаган. Эслатамиз, шу кунгача қозоғистонликлар ўз пенсия жамғармасини олиш учун Отбаси Банкда 60 мингдан зиёд махсус ҳисоб очиб улгурди. Ташкилотчилар берган маълумотга кўра, махсус ҳисобни юртдошларимиз бошқа молия ташкилотлари – иккинчи даражали банкларда ҳам очиши мумкин. Ҳозирча Халқ Банки шу ҳақда расмий баёнот берди.

ЛАЗЗАТ ИБРАГИМОВА, «ОТБАСИ БАНК» ҲЖ БОШҚАРУВИ РАИСИ:

- Бундай иш тутиш фуқаролар учун танлаш имкониятини яратади. Яъни ўз  ипотекангиз бор бўлган банк ёки Отбаси банк орқали ишлай оласиз. Муҳими – мижозларга қулайлик яратиш, биз буни қўллаймиз.

Лекин даволаниш учун олинадиган маблағ оператори битта  – Отбаси Банк. Пулни олиш ва фойдаланиш тартиби ҳали тасдиқланганича йўқ. Лаззат Ибрагимова айтишича, механизм ишига яқин кунларда изоҳ берилади.