Ягона китобхон билети билан – мамлакат кутубхоналарига

Ягона китобхон билети билан – мамлакат кутубхоналарига

Жорий йилда Қозоғистонда кутубхоналар учун ягона рақамли платформа пилот тартибида ишга туширилади. Биринчи ўринда, у йирик китоб жамғармалари базасида ишлайди. Дарвоқе, бугунги кунда 11 мингдан зиёд кутубхона турли ахборот тизимлари ва каталоглардан фойдаланади. Автоматлашган ягона майдонча мамлакат китоб фондини тартибга солиш имконини беради. Шу тизим шарофати билан китобхонлар ўзларига керакли фолиант ёки унинг рақамли шаклини осонгина топиши мумкин. Платформада, шунингдек, кутубхона жамғармасини онлайн тўлдириб бориш функцияси ҳам кўзда тутилган. Нашриётлар ҳам ундан фойдаланиши мумкин. Мисол учун, яқинда дунё юзини кўрган янги нашрлар тизимга киритилади, уларни пулли обуна орқали ўқиш имконияти яратилади. Шу тариқа, хусусий нашриётлар ва муаллифлар манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, жорий йилда ягона электрон китобхон билети ҳам татбиқ қилинади, у Қозоғистоннинг барча кутубхоналарига кириш имконини беради. Фойдаланувчилар электрон ҳукумат портали орқали рўйхатдан ўтиши ва уни қўлга киритиши мумкин.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси.