Ядро технологиялари озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларига ечим бўлиши мумкин. Ўзига хос гидрогель ишлаб чиққан қозоғистонлик олимларнинг бунга ишончи комил. Унинг вазифаси – тупроқдаги намлик ва ўғитни ушлаб туриш. Натижада фақатгина бир мавсумда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги 35 фоизга ортиши мумкин. Ишланма муаллифлари фикрича, бу юртимизнинг қурғоқ минтақаларида яшовчи фермерлар учун ҳақиқий топилма.
Ерлан Жатканбаев, олим, лойиҳа муаллифи:
- Сув сарфини камайтиришдан ташқари, табиатга экологик юклама ҳам пасаяди, минерал ўғитлар камроқ берилади, шунингдек, биоўғит ва фитопрепаратларни қўллаймиз, улар заҳарли химикатларни бекор қилиб, табиий тоза компонентларни ишлитиш имконини беради. Гидрогель нафақат сувни тежайди, балки минерал ўғитларни ҳам маълум ўлчовда бериб боради, айни пайтда атроф-муҳитга негатив таъсирни камайтиради.
Гидрогель қуруқ кукун тарзида ишлаб чиқарилади, сўнг ўғит билан бирга сувда эритилади. Дарвоқе, бир гектар майдон учун ўртача 50 килограммга яқин гидрогель талаб этилади. Унинг фақат бир грамми тахминан 200 миллилитр суюқликни юта олади. Бундай гель тупроқда аста-секин парчаланиб, ўғитни тенг равишда чиқаради. Шу тариқа, фермерлар харажатини бир бараварига камайтириш мумкин. Яна бир жиҳат, гидрогель ерга тўлиқ шимилганидан кейин уч йилдан беш йилгача таъсирини сақлаб тура олади. Унинг қўлланиш соҳаси ҳам кенг.
Алибек Нуркенев, гидрогелб ишлаб чиқарувчи компания директори:
- Биз бу технологияни тижоратлаштирдик, ишни йўлга қўйдик. Компания мақсади фақат гидрогель билан чекланмайди, гидрогель асосидаги маҳсулотларни ҳам тайёрлаймиз, улар қишлоқ хўжалигидагина эмас, ўрмончиликда керак бўлиши мумкин, умуман, қўлланиш соҳаси жуда кенг. Биз Қозоғистондаги фермерлар билан биргаликда далада тажриба ўтказдик, ҳозирда унинг ҳосилдорликка таъсирини кузатиб боряпмиз. Маҳсулотни бозорга чиқариш учун далалардаги натижани кўрсатиб беришимиз зарур.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб, сайёра аҳолисини боқиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 70 фоизга оширилиши даркор. Олимлар фикрича, бу аграр секторда янги илмий методларни янада фаолроқ ва кенг миқёсли қўллашни талаб қилади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.