Кореянинг ақлли технологиялари Алматида жорий этилади. Масалан, мегаполисда ақлли мониторлар ўрнатиш кўзда тутилган. Улар кўчаларда юзага келган тиқин ҳақида маълумот беради, зарур жойга етиб олишга ёрдамлашади, қачон ёғин бўлишини аниқлаб беради. Баъзи камералар йўловчилар шахсини аниқлаши мумкин. Шунингдек, сунъий интеллект коронавирус юқтирган одамнинг босиб ўтган йўлини аниқлаб бера олади.
Ким Ген Хи, Пучхон шаҳри мэрияси бўлим бошлиғи:
- Бизнинг шаҳарда коронавирус юқтирганларни кузатиб бориш тизими ишлатилади. Бирор одамда ПЗР ижобий натижа берса, лекин бемор карантинга риоя қилмаса, камера қоидабузарни албатта аниқлайди. Кимлиги аниқланади. Тизим камералар ёрдамида қаерга борганини ўрганади. Одамлар бемор билан мулоқотда бўлгани ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишидан хавотирланади. Лекин у конфиденциал маълумот. Ва маълумот сизиб чиқиши имконсиз.
Қозоғистонда рўёбга чиқарилиши лозим бўлган яна бир ақлли лойиҳа – машина қўйиш жойи. Мобиль илова орқали ичкарига кирмасдан, бўш ўрин бор-йўқлигини била оласиз.
Таъкидлаш жоизки, ҳозир Алмати Корея Республикаси транспорт вазирлиги танловида қатнашяпти. Натижалар бир ойдан кейин маълум бўлади. Ғалаба қилган тақдирда, Алмати Корея ҳукуматидан молиявий ва техник ёрдам олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси