Экспертлар фикрича, ҳозирча бу бозор Алматида фаол ўзлаштирилган. Бу йўналишни мамлакат миқёсида фаоллаштириш мақсадида Астана Хаб халқаро технопарки базасида венчур клуби очилди. Ҳозир унга қирққа яқин бизнес-фаришта кириш истагини билдирган. Биринчи босқичда уларнинг ҳар бири лойиҳани ривожлантириш учун 50 минг доллардан зиёд маблағ киритишни ният қилган.
Нурасил Жарбасов, ASTANA VENTURE CLUB асосчиси ва раҳбари:
- Астана Венчур Клаб жаҳон миқёсида ишлай оладиган, шу жумладан, Қозоғистондаги истиқболли лойиҳаларнинг имкон қадар кўп қисмини ўзида бирлаштиришга интилади. Улар Астана Хаб доирасида акселерациядан ўтади, бошқа турдаги ёрдамларни ҳам олади. ASTANA VENTURE CLUB айнан бизнес-фаришта сармояларини киритиш маданиятини ривожлантиришга интилади, бирор одамнинг “Мана сенга бир неча ўн минг доллар, лекин лойиҳанг даромадидан 50 фоизи меники”, дейишига йўл қўйилмайди. Юқоридагидек ҳолат бўлса, асосчилар, фаундерлар ўз лойиҳасини ривожлантириши учун рағбат сезмаслиги мумкин. Айнан турли соҳадаги бизнесменлар, бошқа бадавлат инвесторлар венчурга эътибор қаратиши, кела бошлаши, алоҳида бизнес-фаришта ёки уларнинг синдикати сифатида пул тикиши учун тегишли маданият сингдирилиши керак.
Венчур сармоя киритиш одатдагидан фарқ қилишини унутмаслик лозим. Муассис Нурасил Жарбасов таъкидлашича, бу ишда таваккал катта. Лекин йирик даромад олиш эҳтимоли кўп. Пул киритган шахслар ўз инвестпортфелини кескин ошириши мумкин.
Нурасил Жарбасов, ASTANA VENTURE CLUB асосчиси ва раҳбари:
- У ёки бу лойиҳа кенг кўламли бўлиш имкониятига эга бўлиши керак. Яъни бир текисда ўсиш варианти зарур. Маблағингиз йил сайин кўпайиб боради, буни классик бизнес-модель дейиш мумкин. Лекин экспоненциал ўсиш модели ҳам бор, бундай бизнес моделида бир неча йил мобайнида бир неча марта, экспоненциал ўсиш мумкин. Венчур катта таваккаллар ва, айни вақтда, катта даромад келтирувчи инвестиция киритиш варианти, дея оламиз.
Венчур экотизимини ривожлантиришда айти-стартаплар ҳам, инвесторлар ҳам, инновациявий, технологик ёки бошқа кўмак ҳам муҳим. Айтмоқчи, истовчилар учун бизнес-фаришталар мактаби очилди. У ҳозирнинг ўзида Қозоғистонда шов-шувли технологияларга, илғор ечимларга маблағ тикишга тайёр бўлганлар учун мўлжалланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси