Бу тадбир Қозоғистон ва қатор хорижий мамлакатлардан таълим соҳаси етакчилари ва экспертларини, коллеж, мактаб ва боғча педагогларини тўплади. Йиғилганлар ўз таълим даргоҳларида замонавий таълим моделларини жорий этиш ва ривожлантириш жараёнлари ҳақида фикр алмашди. Таъкидланишича, бунда «Муваффақиятли таълим ташкилотлари акселератори» дастури қўл келган. У миллий кадрларни ривожлантириш, академик дастурни такомиллаштириш, мактаблар инфратузилмасини кучайтириш, билим беришда энг замонавий ёндашувлардан фойдаланишга йўналтирилган. Уч йил ичида ушбу усуллар бўйича икки юздан зиёд ўрта, ўрта-махсус ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари онлайн тарзда таҳсил олди. Келаси йили яна мингдан зиёд таълим даргоҳи ўқитувчилари дарс олиши кутиляпти.
ГУЛМИРА ҚЎРҒАНБАЕВА, ОНЛАЙН-АКАДЕМИЯ МУАССИСИ, АСТАНА ШАҲРИ:
- «Муваффақиятли таълим ташкилотлари акселератори» дастурида дарс олгандан кейин таълим ташкилотларининг техно-тадбиркорлик мактаблари, муҳандислик мактаблари, айти-малакалар мактаби, тадбиркорлик ёки молия мактаблари каби ажойиб моделлари пайдо бўлади. Кўплаб медиа, экологик тарбия, экологик маданият мактаблари очилди. Ушбу форум Қозоғистонда иш юритаётган ўқув даргоҳлари тажрибасини кенг ёйиш, замонавий таълим жараёнида мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этишга бағишланган.
ГУЛНАР АСҚАРБАЕВА, МАКТАБ-ГИМНАЗИЯ ДИРЕКТОРИ, АЛМАТИ ВИЛОЯТИ:
- Йўл харитасига мувофиқ, ўз лойиҳамизни рўёбга чиқаришга киришдик. Бугунги кунда хорижлик ҳамкорларда тижорий қизиқиш уйғота оладиган лойиҳа билан чиқдик. Жанубий Корея билан ҳамкорлик қиляпмиз. Биз ҳаво тозаловчи ускуна яратдик. Уни ҳамкорларга намойиш этдик. Улар қизиқиш билдирди, қатор жиҳатларини мослаштирдик, ҳозир таклифларни кўриб чиқяпмиз. Ускуна келажакда кенг ишлатилишига ишончимиз комил.
Абдумалик Сарманов таржимаси