Қозоқ орнаментларининг этнографик атласи тузилади

Қозоқ орнаментларининг этнографик атласи тузилади

Миллий нақшлардаги ўзига хос мазмун-моҳият. Мусаввир Ерали Оспановнинг «Қозоқ орнаменти этнографик атласи» тўплами шу ҳақда ҳикоя қилади. Унда муаллиф олти юзга яқин турли нақш ва уларнинг мингдан ортиқ номларини жамлаган. 10 йилдан бери мўйқалам устаси бу нақшларни коллекция қилади ва маъносини ўрганади. У бир неча давлат – Хитой, Монголия ва Россияда ҳам бўлган. Қўшни халқлар – қирғизлар, ўзбеклар, қорақалпоқлар орнаментини тадқиқ қилган. Ўз китобида Ерали Оспанов орнаментларни тотем мазмунига кўра тизимлаштирган.

Ерали Оспанов, рассом:

– Қўлда тўқилган гилам маҳсулотлари – алашада ергенек нақши мавжуд. Ергенек – ўтовнинг нарвонча шаклидаги қўшимча эшиги, ташқаридан унга намат қопланади. Бу уй жониворлари ўтов ичига кира олмаслиги учун қилинган. Агар орнаментга эътибор қилсак, ҳамма ерда ҳам ергенекка ўхшамайди. Аммо, маълум бўлишича, бу нақш билан овул тасвирланган. Умуман, ҳеч ким нақшларни батафсил ўрганмаган. Бизда классификация йўқ. Улар маълум гуруҳларга ажратилмайди. Эски номлар янгисига алмаштирилади. Масалан, доира, тўртбурчак, учбурчак илгари “шарши ўю”, “табақ ўю”, “ушкил ўю” деб аталган.

Эксперт Ерлан Қўжабаев ҳам мусаввир фикрларига қўшилади. Унинг айтишича, миллий орнаментга хос ечилмаган кўплаб сир-асрорлар мавжуд. Нақшларнинг аллақандай гендер фарқлари ҳам бўлган. Мисол учун, қизалоқлар либосига гуллар ва қушлар тасвири туширилган. Болакайлар кийими учун йиртқич ҳайвонлар тасвири танланган. Тақиқланган рамзлар ҳам бўлиб, улар ҳеч қачон кийимга туширилмаган. Замонавий маҳаллий модельерлар бу нюансларни ўз ижодида ҳисобга олиши шарт. Бунинг учун эса мастер-класслар ташкил этилиши лозим.

Ерлан Қўжабаев, рассом-эксперт:

– Илгари қозоқлар бир нақш фақат елка қисмига туширилишини, бошқалари эса фақат бел қисмига тикилиши ва шу кабиларни билган. Қайси орнамент эркак ва аёлларда алоҳида бўлишини ҳам. Ҳозир буни кўпчилик англамайди ва адаштиради. Шу тариқа, серҳосиллик рамзи бўлган аёллар нақшини эркаклар либосига тикади.

Таъкидлаймиз, «Қозоқ орнаменти атласи» дан, шунингдек, халқ мақолу топишмоқлари ҳам жой олган. Ерали Оспановнинг яна бир асари тўлалигича этнографияга бағишланган. Китобда ҳунарлар, анъана ва қозоқ халқ маънавий маданияти ва дунёқарашини тараннум этувчи ижод ҳақида сўз боради.

Хуршида Абдуллаева таржимаси