Ҳукуматда Қозоғистонда туризмни ривожлантириш масаласи кўрилди

Ҳукуматда Қозоғистонда туризмни ривожлантириш масаласи кўрилди

Туризм тобора Қозоғистон иқтисодиётида ўсишнинг муҳим нуқталаридан бирига айланиб бормоқда. Ўтган йил якунларига кўра, соҳанинг мамлакат ЯИМга қўшган ҳиссаси 5 триллион тенгеге етди, солиқ тушумлари эса 630 миллиардга ошди. Чет эллик меҳмонлар юртимизда деярли 3 миллиард  доллар қолдирган, бу эса Қозоғистондаги сайёҳлик йўналишларига қизиқиш ортиб бораётганини тасдиқлайди. Ўтган йили Қозоғистонга хориждан 15 миллиондан зиёд саёҳатчи келган, сайёҳлар оқими ошиши билан бирга, инвестициявий фаоллик ҳам ўсаётир. Бугунги кунда мамлакатда туризм соҳасида умумий қиймати 1 триллион 300 миллиард тенгега яқин бўлган 300 дан ошиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар халқаро даражадаги меҳмонхоналар қурилишини, курорт зоналарини, транспорт ва сервис инфратузилмасини ривожлантиришни кўзда тутади. Алоҳида эътибордаги йўналиш – экологик туризм. Ўтган йил натижаларига кўра, Қозоғистон миллий паркларини 3,7 миллион киши келиб кўрган. Шунингдек, тадбирлар ва амалий туризм ҳам диққат марказида, улар нафақат меҳмонларни жалб қилади, балки янги иш ўринлари яратиб, минтақалар ва кичик бизнес равнақига хизмат қилади.


Ербўл Мирзабўсинов, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:

– Экспорт салоҳияти юқори бўлган йўналишлардан бири конгресс-амалий туризм саналади. Ўтган йили юртимизда 13 та халқаро тадбир ўтказилган, бу эса иқтисодиётга 18 миллион АҚШ долларига яқин даромад олиб келди. Соҳадаги ўсишга хизмат қилувчи яна бир истиқболли йўналиш тиббиёт туризми ҳисобланади. Қозоғистоннинг асосий устунлиги таклиф қилинаётган хизматларнинг юксак сифати ва ҳамёнбоп нархида. Ўтган йили Қозоғистонга 80 мингга яқин чет эллик бемор келиб кетган.

Абдумалик Сарманов таржимаси