Ҳукуматда Хитой билан савдо-иқтисодий алоқалар муҳокама қилинди

Ҳукуматда Хитой билан савдо-иқтисодий алоқалар муҳокама қилинди

Қозоғистон ва Хитой 45 та қўшма лойиҳани рўёбга чиқаради. Инвестициялар умумий миқдори 14,5 миллиард доллардан зиёд. Жорий йилнинг 2 ойида икки давлат ўртасидаги контейнерларда юк ташиш ҳажми 3 марта ортди. Қозоғистон Бош вазири Хитой элчиси билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Учрашувда Ўлжас Бектенов ва Чжан Сяо давлат раҳбарлари даражасидаги келишувларнинг рўёбга чиқарилиши масаласини тилга олишди. Шу жумладан, инвестициявий, транзит-транспорт ҳамкорлиги, маданий ва минтақалараро ҳамкорлик кўрилди. Бундан ташқари, таълим ва фан, технологиялар алмашиш масаласига алоҳида эътибор берилди. Давлат раҳбари таъкидлашича, Қозоғистон ва ХХР ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ўсишда давом этяпти. Мамлакатимиз ҳудудида 3 мингдан зиёд қўшма компания ишлаб тургани ҳам бундан далолат беради. Ўз навбатида республикадаги Хитой дипломатик ваколатхонаси раҳбари икки давлат стратегик ҳамкорлигининг юксак динамикасини тасдиқлади.

Чжан Сяо, ХХРнинг Қозоғистон Республикасидаги элчиси:

 Муносабатларимиз барча йўналишларда ривожланиб боряпти. Президент икки марта Хитойга ташриф буюрди. Бу икки ташриф икки томонлама алоқаларимизни чуқурлаштириш ва ривожлантиришга катта туртки берди. Биз Президент яқинда эълон қилган  кенг кўламли иқтисодий ўзгаришлар дастурини юқори баҳолаймиз. Унда 2029 йилгача Қозоғистон ялпи ички маҳсулотини икки марта кўтаришдек катта ва амбицияли мақсадлар қўйилган. Ва унга эришилиши мумкин. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.