Қозоғистон Токио ва Ню-Йоркка бевосита рейслар очишни режалаштирмоқда. Ҳукумат йил охиригача авиақатновларни йўлга қўйиш ниятида. Эслатамиз, бугунги кунда Астанадан 34 та халқаро рейс амалга оширилмоқда. 2027 йилда бу рўйхатга яна 5 та йўналиш қўшилади. Натижада, Қозоғистон пойтахтидан Лондон, Париж, Рим, Вена ва Сингапурга ҳам тўғридан-тўғри учиш мумкин имкони туғилади. Таъкидлаш лозимки, сўнгги 5 йилда транзит рейслар сони 4 марта ошди. Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти маълумотларига кўра, мамлакатимиз хавфсизлик даражаси бўйича дунёнинг энг яхши 20 та давлати қаторига киради. Айни вақтда аэронавигация инфратузилмасини тўлиқ янгилаш ва мамлакат авиапаркини модернизация қилиш режалаштирилган. Жорий йилда 9 та янги самолёт харид қилинади. аввал 3 та ҳаво кемаси сотиб олинган эди. 2040 йилга бориб улар сони 260 дан ошади.
Ўлжас Бектенов,
Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
– Транспорт вазирлиги йил якунига қадар Фуқаро авиациясини 2050 йилгача ривожлантириш мастер-режасини тасдиқлаш чораларини кўрсин. Кичик ва минтақавий авиацияни, учувчисиз авиатранспортни ривожлантириш, муқобил ёнилғидан фойдаланиш ва уни сақлаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш бўйича тадбирлар кўзда тутилиши керак. Шарқий Қозоғистон, Манғистау, Қўстанай, Павлодар вилоятлари ҳокимликлари жорий йилда, қатъий белгиланган муддатларда Катон-Қарағай, Зайсан, Кендерли ва Арқалиқ аэропортларини фойдаланишга топширсин. Шунингдек, Павлодар аэропортини модернизация қилиш ишлари якунлансин.
Соҳани рақамлаштириш доирасида Астана ва Алмати аэропортларида Q-Gate тизимлари жорий этилди. Натижада, назоратдан ўтиш вақти 3 дақиқадан 50 сониягача қисқарди. Жорий йилда 4 та шаҳарда яна 16 та шундай терминал ўрнатилади. «Астана-Чимкент» рейсларида синов тариқасида йўловчиларни биометрик идентификация қилиш йўлга қўйилади. Юк ташишда ҳам рақамли технологиялар жорий этилмоқда. Бугунги кунда Қозоғистоннинг 17 та аэропорти ва 56 та авиаташувчиси e-Freight ягона платформасига уланди. Сунъий интеллект авиация юкларини қайта ишлашни бир кундан бир соатгача тезлаштиради.
Малик Бердиғалиев,
Transinfotech компанияси бош директори:
– Рақамлаштириш мақсадларига эришишдаги навбатдаги қадам – электрон авиа юкхатларини божхона декларацияси тизимида тўлақонли ҳужжат сифатида тан олиш. Бу авиация юклари қоғозсиз ва автоматлаштирилган божхона расмийлаштирувига ўтишини таъминлаш учун шароит яратади, халқаро логистикани тезлаштиради, мамлакатнинг минтақавий авиация ва транзит хаби сифатидаги рақобатбардошлигини оширади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

