Қозоғистон ва Қатар ҳарбий соҳада ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон ва Қатар ҳарбий соҳада ҳамкорликни кенгайтиради. Ўтган йили Дохада имзоланган тегишли шартнома республика Парламентида ратификацияланди.  Ҳужжатга кўра, томонлар ҳарбий техника транзити, ҳаво бўшлиғи ва ҳарбий полигонлардан фойдаланиш, ҳарбий хизматчиларига тил сабоқлари бериш бўйича бирга ишлайди. Бундан ташқари, унда конфиденциал маълумотларнинг тарқалишига йўл қўймаслик, божхона билан боғлиқ жараёнлар масалалари ҳам кўрсатиб ўтилган. Айни вақтда, мамлакатлар тинчлик ўрнатиш ҳамда жанговар тайёргарлик юзасидан ўтказиладиган барча амалиётлар давомида ўзаро бамаслаҳат иш юритиши кўзда тутилган. Бундай тадбирларни самарали шаклда мувофиқлаштириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузилиши мўлжалланган. Таъкидлаш лозимки, томонлар ўртасидаги бу шартнома 5 йил амалда бўлади, унга ёки ундаги бандларга томонлардан бирортаси қаршилик қилмаса, ҳужжат автомат шаклда яна шунча муддатга узайтирилади.

Андрей Лукин, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати  депутати:

- Шартнома кенг кўламли, шу жумладан, ҳарбий таълим, тиббиёт, фан ва жанговар тайёргарликни ўз ичига олади. У, шунингдек, қўшма машқлар ва тажриба алмашишни кўзда тутади, бу эса томонларнинг қуролли кучлари профессионал тайёргарлик даражасини оширишга имконият беради. Тинчлик ўрнатиш масалаларида ўзаро мулоқот уларнинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган глобал ҳаракатни маъқуллашини кўрсатади. Ҳужжатни ратификация қилиш Қозоғистон Республикаси ва Қатар давлати ўртасида ҳарбий соҳада икки томонлама алоқаларни кучайтиришда янги истиқболлар очади, томонларнинг халқаро саҳнадаги мавқеини мустаҳкамлайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси