Қозоғистонда қишлоқ хўжалигига имтиёзли кредит бериш рекорд даражага чиқди. У 3 мартадан кўпроққа ошди ва 580 миллиард тенгени ташкил қилди. Келгуси йилдан бошлаб агросаноатни молиялаштириш 700 миллиард тенгега етиши режалаштирилган. Бош вазир иштирокида ўтказилган маҳаллий агросаноат вакиллари йиғилишида соҳани молиялаштириш, йиғим-терим кампаниясининг бориши, Давлат раҳбари Мактубида кўрсатилган мақсадларга эришиш бўйича чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
– Президент Мактубида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, самарадорликни ошириш, қишлоқ аҳолисининг йил давомида иш билан таъминланишига эришиш, соҳани шаффоф ва самарали молиялаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилган. Буларни давлат бизнес билан тиғиз ҳамкорликда рўёбга чиқаради. Шу тариқа салмоқли натижаларга эришамиз.
Ҳукумат раҳбари таъкидлашича, келгуси йилдан бошлаб фермерлар арзонлаштирилган кредитларни бевосита молиявий ташкилотлардан олади. Давлат ажратган маблағнинг самарали ишлатилишини таъминлаш учун 2025 йилда кенг кўламли қишлоқ хўжалиги саноғи ўтказилади. Натижада, ер ва экинзорлар майдони, чорвачиликдаги мол бош сони, қишлоқ хўжалиги техникаси ва инфратузилмалар бўйича ҳаққоний маълумот олинади. Йиғилишда йиғим-терим кампаниянинг бориши ҳақида ҳам гапирилди. Бугунги кунда мамлакатда 23 миллион гектар ерга уруғ қадалган. Донли ва донли-дуккакли экинларнинг 68 фоизи йиғиб олинди. Фермерлар қанд лавлаги ҳосили ўтган йилга нисбатан деярли икки марта ошишини кутяпти.
Александр Хильниченко, тадбиркор:
– Ўтган йили биз қанд лавлагини 7 минг гектарга, бу йил салкам 14 минг гектарга экдик. Икки баравар кўп маҳсулот етиштирдик. Қанд заводлари 100 фоиз маҳаллий лавлаги билан таъминланган. Яъни, асосий хомашё етарли. Энди яна бир қанд заводи қуриш масаласи кўтариляпти, чунки миришкорлар кўп миқдорда давлат ёрдами олди, бу йўналишнинг даромад беришига ишонди. Зироатчи сифатида бунинг энг муҳим масалалардан бири эканлигига ишончим комил.
Бош вазир йиғим-терим ишларини ўз вақтида тугатиш, ҳосилни сақлаб қолиш ва маҳсулот сотилишига эришишни топширди. Айни вақтда Европа Иттифоқи, Шимолий Африка ва Жанубий-Шарқий Осиё каби янги экспорт йўналишлари устида ишлаш муҳимлигини кўрсатди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.