«Астана Опера» саҳнасида биринчи марта афсонавий Жоаккино Россинининг «Итальянка Жазоирда» спектакли намойиш қилинди. Премьера муаллифи – қозоғистонлик ёш режиссёр Еренбак Тойкенов. Бу унинг пойтахт театри катта саҳнасидаги дебют иши. Спектакль ниҳоясида гулдурос қарсаклар янгради.
Еренбак Тойкенов, постановкачи режиссёр:
- Икки акт, уч соатлик томоша. Яъни, вақти бўйича ҳам, саҳифаларига кўра ҳам жуда узун. Одатда, спектакль 300-400 саҳифа бўлади, бу ерда эса 500 бет. Воқеалар замонамизга кўчирилган, костюмлар ҳам шунга мос. Шуни ҳам айтиш керакки, авваллари биз ҳамиша тарихий фактлар асосида ишлаганмиз. Мазкур спектаклни биз ўз кучимиз билан яратдик, у Қозоғистон бренди.
Маданиятлар фарқи, артистлар маҳорати, Жоаккино Россини асарларида кўп учровчи нозик ҳазил спектаклда жамланди. Бу эса итальян ижодкори Манана Гунияни театр артистлари учун ғаройиб саҳна образлари яратишга илҳомлантирди. Яккахонлар, хор ва миманс учун 70 дан зиёд костюм тикилди.
Манана Гуния, костюм рассоми /Италия/:
- Постановка устида ишлар май ойида бошланди, мен тикиш цехининг юксак маҳоратини алоҳида тилга олишни истардим, унда мисли кўрилмаган юксак сифатли, рекорд даражада қисқа вақтда кўпсонли костюм тикиб улгуришди. Бу жуда сермашаққат иш, тикиш цехимиз Европа даражасидаги буюртмани уддалай олди. Лойиҳа ниҳоят ҳаётга татбиқ этилганидан мамнунман, бу ҳақда биз 2020 йилдан буён хаёл қилганмиз. Ниҳоят, Россинининг ушбу ғаройиб операси катта саҳнага чиқди.
Яккахонларнинг маҳорати ҳам лол қолдирди. Бош партия – тақдир тақозоси билан жазоирлик бойнинг чангалига тушиб қолган итальян қиз Изабеллани таклиф этилган ижрочи Лаура Вереккья ва Астана Опера академияси яккахони Эльмира Шпекпаева саҳнага олиб чиқди. Мустафобейнинг партиясини Жандарбек Еркинбаев ва Шинғис Расилхан тақдим этди.
Абдумалик Сарманов таржимаси