Қозоғистон пойтахти 26 ёшини нишонлайди

6 июль куни Астананинг 26 йиллиги нишонланади. Байрам муносабати билан Астанада 100 тадан зиёд тадбир ўтказилади. Уларнинг баъзилари бир кун, баъзилари йил охиригача давом этади. Creative summer лойиҳаси 31 августгача ҳар якшанба куни мегаполисда болалар учун кўнгилочар тадбирлар, ижодий жамоалар чиқишлари, флешмоблар ташкил қилиш ниятида. OPEN AIRнинг очиқ осмон остидаги концерти йилнинг йирик тадбирларидан бирига айланиши кутиляпти. У ЭКСПО майдончасида ўтказилади. Маҳаллий эстрада юлдузлари шаҳар аҳли ва меҳмонларига санъатини намойиш қилади. Шунингдек, шаҳар кунида қатор оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Улар қаторида «Гулла, яшна Астанам!» велопойгаси, «Тўлағай» ва «Қозоғистон барси» қозоқ кураши бўйича республика турнирлари, «Пойтахт Кубоги» ва «Эл юраги – Астана!» отлиқлар пойгалари бор. Таъкидлаш лозимки, ҳозир пойтахтда салкам бир ярим миллион фуқаро яшайди. Айни вақтда, туризм фаол ривожланишда давом этяпти. Ўтган йил якунларига кўра, Астанага бир миллион уч юз минг нафардан зиёд саёҳатчи ташриф буюрган. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.