Туркманистон билан ҳамкорлик кенгаяди

Қозоғистон Туркманистонга 80 турдаги умумий қиймати 120 миллион доллар бўлган товарларни экспорт қилиш ниятида. Яқин келажакда икки томонлама товар айланмаси 1 миллиард долларга етади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркманистон Президенти билан кенгайтирилган форматдаги музокарасида шундай баёнот берди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

– Беш йил ичида ўзаро савдо ҳажми амалда тўрт марта ортди. Туркман  капитали иштирокида иш юритаётган 150 та компания савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта улушини қўшаяпти. Саноат, транспорт, логистика ва бошқа соҳаларда  қатор лойиҳалар рўёбга чиқариляпти. Энергетика соҳасида, шу жумладан, газ соҳасида ҳамкорлик фаол ривожланяпти. Ҳукуматлараро комиссиянинг тез-тез йиғилиши ва тадбиркорлар кенгашининг фаоллиги бунга ёрдам беряпти.

Музокаралар якунига кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Сердар Бердимухамедов матбуот вакиллари қаршисида қўшма баёнот берди. Томонлар мавжуд келишувларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлашди. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

– Энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш эди. Сўнгги йилларда катта ўзгаришларга эришилди. Қозоғистон Туркманистондаги газ-конденсат конларини ишга тушириш билан боғлиқ лойиҳаларда, трубопровод инфратузилмаларини кенгайтиришда фаол қатнашиш ниятида. Бугун QazaqGaz компанияси ва «Туркменгаз»давлат концерни ўртасида «Газ соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида» шартнома имзоланди.

Нефть сервис хизмалари, логистика ва юк ташиш соҳаларида ҳамкорлик ҳам мамлакатлар ўртасида устувор йўналишлигича қоляпти. Туркманистонда Қозоғистон олий ўқув юртлари филиаллари очилиши ҳақида келишиб олинди. 

Сердар Бердимухамедов, Туркманистон Президенти:

– Келгуси ҳамкорлигимизнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди. Музокараларнинг конструктив ва аниқ натижалар кўзланган ҳолда, мамлакатларимиз ўртасида анъанавий руҳ олган ишонч ва очиқлик руҳида ўтганини таъкидламоқчиман. Сиёсат, иқтисод, маданий-гуманитар соҳаларнинг барча йўналишларидаги икки томонлама мулоқотга юқори баҳо берилди.

Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон Президентининг расмий ташрифи якунларига кўра, Қозоғистон ва Туркманистон 20 дан зиёд ҳужжатни имзолади. «Дўстлик ва кўп йўналишли стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида» декларация  асосий ўрин тутади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.