Астанада Қозоғистон - Покистон бизнес-форуми ўтказилди

Астанада Қозоғистон - Покистон бизнес-форуми ўтказилди

Покистон ва унинг денгиз портлари Қозоғистон маҳсулотларини Африка ва Жанубий Шарқий Осиё бозорларига етказиб беришда муҳим ўрин тутиши мумкин. Ислом Республикаси учун эса мамлакатимиз Евроосиё бозорига чиқишда яхши имкониятлар бериши мумкин. Астанада бўлиб ўтган Қозоғистон - Покистон бизнес-форуми иштирокчилари савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Унда икки давлатнинг турли соҳаларда ишловчи 40 компанияси вакиллари тўпланди. Улар қаторида химия, текстил саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳам бор. Таъкидлаш лозимки, икки давлат товар айланмаси жорий йилнинг 10 ойида 40 миллион долларга етди. Қозоғистон экспортини кенгайтириш ҳисобига бу кўрсаткич ўсиши кутиляпти. Ишлаб чиқарувчиларимиз Покистонга 40дан зиёд қайта ишланган маҳсулот турини юбориши мумкин. Ҳозирча бундан 21 ярим миллион доллар даромад олиниши мўлжалланяпти. Экспертлар таъкидлашича, бунда транспорт-логистика, шу жумладан, “Шимол – Жануб” йўлаги жуда муҳим.

Ержан Кистафин, Қозоғистон  Республикасининг Покистон Ислом Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси:  
- “Шимол – Жануб” транспорт йўлагини ривожлантиришда Покистон  асосий ўрин тутиши мумкин. Фақат ички бозорини олганда ҳам Покистон  дунёда бешинчи ўринда туради. 242 миллион кишилик аҳолиси бор. Биз Қозоғистон ва Покистон ўртасида транспорт йўналишларини ривожлантиришимиз керак. Бунда биз ишлатадиган асосий тамойил – диверсификация. Яъни, биз иш олиб борадиган турли йўналишлар, опциялар бўлади. Вазифамиз мазкур бозорни очиш ва ундаги салоҳиятни кўрсатиб беришдан иборат.

Абдумалик Сарманов таржимаси.