Қозоғистонда Ashyqда фақат «яшил» мақомга эга бўлганлар кириши мумкин бўлган объектлар рўйхатини кенгайтириш режаланди. Келгуси йил бошидан республика ҳукумати шундай меъёр киритади. 5 январдан савдо-кўнгилочар марказлар, савдо уйлари ва тармоқлари, спорт-соғломлаштириш, йога ва фитнес-марказлар, караоке, бассейнлар, сауналар, ҳаммомлар, банклар, "Қазпошта" ҳамда Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида ана шундай чеклов чораси жорий этилади. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда фақат Шимолий Қозоғистон вилояти «сариқ» зонада қолмоқда. Бошқа минтақалар «яшил» зонага ўтди. Умумий эпидемиологик вазият барқарорлашди. Сўнгги икки ҳафта давомида коронавирус юқтириш ҳоллари учдан бирга камайди. Вазият ёмонлашишига йўл қўймаслик учун ревакцинация суръатлари жадаллаштирилади. Республикага яна 5 миллион вакцина дозаси келтирилади.
Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Оммавий ревакцинация ишларини кучайтириш зарур. Келгуси йилнинг биринчи ярмида 9 миллион одам яна бир доза олиши керак. Ахборот, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, минтақа ҳокимликларидан аҳоли ўртасида ревакцинация зарурлиги бўйича тушунтириш ишларини фаоллаштиришни сўрайман.
Абдумалик Сарманов таржимаси