Ҳукумат қайта ишлаш саноатидаги вазиятни кўриб чиқди

Ҳукумат қайта ишлаш саноатидаги вазиятни кўриб чиқди

Қозоғистонда машинасозлик фаол ўсишда давом этяпти. Қайта ишлаш саноатининг бу соҳасида йил бошидан буён маҳсулот ишлаб чиқариш 28 фоизга ортди. Янги автомобиль ишлаб чиқаришлари йўлга қўйилмоқда. Ҳукумат йиғилишида Саноат ва қурилиш вазири Қанат Шарлапаев 2023 йил охиригача ишга тушиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида сўз юритди. Шу жумладан, Қўстанай вилоятида йилига 30 мингтагача янги автомобиль моделлари чиқарилади. Декабрда махсус кокс ишлаб чиқарувчи завод фойдаланишга топширилади. Корхона йилига 400 минг тонна маҳсулот бериши мўлжалланган. Бундан ташқари, вазир мамлакатдаги махсус ва саноат зоналари фаолияти хусусида маълумот берди. 

Қанат Шарлапаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири:
- Бугунги кунда махсус зоналарда 24 минг доимий иш ўрни бера олувчи 2,8 триллион тенге қийматга эга 325 та лойиҳа мавжуд. Саноат зоналари ҳудудида 900 миллиард тенгега тенг 226 та лойиҳа ишга туширилди, 12 мингта доимий иш ўрни яратилди. Шунингдек, 9 триллион тенге қийматга эга 346 та лойиҳа устида иш юритиляпти.

Вазир таъкидлашича, Қозоғистонда кичик ва ўрта бизнес учун саноат зоналари қуриш режалаштирилган. Ишлаб чиқариш объектлари бунёд этиш учун тадбиркорларга имтиёзли кредитлар берилади. Фақат қайта ишлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган бундай корхоналар республиканинг барча минтақаларида барпо этилади. Ҳукумат бошлиғи таъкидлашича, бу сектор ҳар бир давлат саноати тараққиёти учун асос ҳисобланади. 

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Жорий йилнинг 8 ойи давомида қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 4 фоизга ошди. Асосий капиталга киритилаётган инвестиция 810 миллиард тенгега етди. Қайта ишлашда металлургия саноати, машинасозлик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш асосий ўрин тутади. Саноатлаштириш харитасида кўрсатилгани каби, жорий йилда озиқ-овқат саноати, қурилиш, машинасозлик, металлургия ва бошқа йўналишларда 170 та янги лойиҳа ишга тушади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.