Туркистонга келган саёҳатчилар сони ортмоқда

Жорий йилнинг 9 ойида Туркистон вилояти саёҳатчилар туфайли беш ярим миллиард тенге даромад олди. 2024 йил бошидан буён минтақага 235 минг нафар турист ташриф буюрди. Шаҳар Туркий дунё туристик пойтахти сифатида тан олингач, улар сони кескин ортди. Меҳмонларнинг кўп қисми Туркия, Россия, Ҳиндистон ва Хитойдан. Уларнинг кўпчилигини Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ўзига жалб этади. 2025 йилда туристлар оқими икки марта ошиши кутиляпти. Таъкидлаш лозимки, жорий йилда туризмни ривожлантириш учун минтақага 50 миллиард тенгедан зиёд инвестиция келтирилди. Вилоятда тегишли услубий қўлланмалар ишлаб чиқиляпти, уларда туристик объектлар бўйича тегишли маълумотлар жамланади. Минтақага оид афсона ва мифлар, қизиқарли воқеалар ва фактлар баён этилади. Бу ишларга археологлар, тарихчилар, архитекторлар, ўлкашунослар ва бошқа мутахассислар жалб этилган. Маълумотлар қозоқ, рус, инглиз, турк, хитой, араб ва япон тилларига таржима қилинади.

Сехун Пак, турист:

– Оилавий таътил учун биз Туркистонни танладик. Чунки интернетда Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ҳақида кўп нарсаларни ўқиганмиз. Мана, ниҳоят шу ерга келдик. Ўзига хос шаҳар экан.

Нурдаулет Медеуов, Туркистон вилояти Туризм бошқармаси раҳбари: 

– Ўтган йилларда ички ва хорижлик турист 560 минг нафар атрофида келганди. Ҳозирча «Е-Qonaq» иловасидан фойдаланган ҳолда бизга 14 минг нафар меҳмон ташриф буюрди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.