Транспорт соҳаси жадал ривожланяпти

Транспорт соҳаси жадал ривожланяпти

Қозоғистонда тўртта муҳим автойўлак «Қарағанди – Алмати», «Талдиқўрған – Ўскемен», «Ақтўбе – Қандиағаш» ва «Атирау – Астрахань» автойўлакларида реконструкция ишлари якунланди. Транспорт вазирлиги берган маълумотга кўра, жорий йилда 12 минг километрли йўлда ремонт ишлари амалга оширилди. Темирйўл қурилиши ва транспорт инфратузилмаларини янгилашда ҳам катта ишлар бажарилди. Бир минг километрдан зиёд темирйўл реконструкция қилинди, вагонлар янгиланди. Қозоғистон авиакомпаниялари бир қанча самолёт харид қилди ва халқаро йўналишлар тармоқларини кенгайтирди. Алмати, Қизил Ўрда ва Чимкент аэропортларида янги терминаллар қурилиши якунланди. Натижада, мамлакатда юк ташиш ва товарлар транзити анча кенгайди.


Мақсат Қалиақпаров, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари:


- Умуман олганда, транспорт хизматлари кўрсатиш 13 фоизга ошди ва 7,7 триллион тенгега етди. Шу жумладан, автомобил транспорт билан юк ташиш 19,8 фоизга ортди. Трубопровод транспорти ва темирйўл орқали юк ташиш ҳам фаоллашди. Мамлакат ичида ташилаётган юк ҳажми 8,8 фоизга; транзит 6,1 фоизга кенгайди. Контейнер транзити 8,7 фоизга кўпайди.


Жорий йилда агросаноат сектори ҳам яхши натижаларга эришди. Ялпи маҳсулот ҳажми 13,5 фоизга ошди ва 8 триллион тенгени ташкил қилди. Тегишли вазирлик берган маълумотга кўра, бунга зироатчилик ва чорвачиликда маҳсулот ҳажми кенгайиши ҳисобига эришилган.


Азат Султанов, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари:


- Йил охиригача дон, мойли экинлар ва қанд лавлагини қайта ишлаш ҳисобига соҳанинг ўсиш кўрсаткичлари янада ўсишига эришамиз. Суръатлар пасайишига йўл қўймаслик учун келаси йилда экин-тикин ва йиғим-терим ишлари учун 700 миллиард тенге, қишлоқ хўжалиги техникаси имтиёзли лизинги учун 200 миллиард тенге ажратилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.