Қозоғистон халқаро транспорт хаби мақомини мустаҳкамлайди

Қозоғистон халқаро транспорт хаби мақомини мустаҳкамлайди

Транзитга эътибор катта. Бу шунчаки лойиҳа эмас, кенг қамровли меҳнат. Қозоғистон бугунги кунда трансқозоғистон йўлаклари барпо этяпти. Бир неча йўналишларда, шу жумладан, шимол, жануб ва шарқда йўл қурилиши давом этяпти. «Қозоғистон темир йўллари» миллий компаниясида маълум қилинишича, иш суръати юқори, ҳозирнинг ўзида транзит оқимлари қисман қайта тақсимланди. Бир ой ичида фаолият юритаётган «Дўстиқ-Мўйинти» иккинчи йўли орқали 647 та юк ва 235 та контейнер поезди ўтказилди. Линия тўла қувват билан ишлай бошлаганидан сўнг Хитойдан 5 марта кўпроқ маҳсулот етказиб келтирилади.

Марат Исқалиев, «Қозоғистон темир йўллари» ҲЖ Қурилиш бўйича бошқарувчи директори:

- Бугунги кунда 4 та йирик инфратузилма лойиҳаси рўёбга чиқарилиш босқичида. Маълумки, 30 сентябрь куни «Дўстиқ-Мўйинти» орқали дастлабки юк ташиш ишлари бошланди. Йўл узунлиги 836 километр. Йил охиригача ундан фойдаланиш тўғрисида ҳужжат имзоланади. Иккинчи йирик лойиҳа: «Казибек би-Жетиген» станциялари ўртасида темирйўл қурилиши. Алматини айланиб ўтувчи линия бош йўллари 75 километр, станция йўллари 121 километр. Унда ҳам қурилиш ишлари жорий йилда тугайди.

Кенг кўламли қурилиш ишлари Қозоғистон орқали транзит жозибадорлигини оширади, мамлакат саноат марказларини ўзаро боғлайди. «Дарбаза- Мақтаарал» лойиҳаси жанубий туманлар ўртасида алоқани таъминлайди, Марказий Осиёдаги транзит оқимини қайта тақсимлайди. «Мўйинти-Қизилжар» линияси қурилиши эса Хитой чегарасидан Каспий денгизигача бўлган участка бош ҳалқаси сифатида юк етказиб бериш муддатини камайтиради.

Марат Исқалиев, «Қозоғистон темир йўллари» ҲЖ Қурилиш бўйича бошқарувчи директори:

- Туркистон вилоятида рўёбга чиқарилаётган «Дарбаза-Мақтаарал» лойиҳаси узунлиги 152 километр, режага кўра ишлар 2026 йил декабрь ойида якунланади. Бу эса транзитни оширади, ўтказиш қуввати кенгаяди. Инфратузилмаларни яхшилайди, буларнинг ҳаммаси зиммамидаги вазифаларга киради. Бу лойиҳа рўёбга чиқарилаётган вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшимча туртки беради.

Айни вақтда «Бахти-Аягўз» линияси қурилиши олиб бориляпти. У Хитойга олиб чиқадиган учинчи темирйўл ўтиш жойига айланади ва йўлакда юк ташиш имкониятини йилига 28 миллион тоннадан 48 миллион тоннагача оширади. Янги линия йўналишни 300 километргача қисқартиради. Мамлакатда 3 йил давомида яна 5 минг километр темирйўл қурилади ва 11 минг километр масофадаги линия таъмирланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси