Қозоғистонда чегаранинг 5 та нуқтасида транспорт-логистика ва савдо тугунлари барпо этилиши жадал давом этяпти. Каспийда «Саржа» кўпфункцияли денгиз терминали қурилмоқда. Унинг қуввати – йилига 10 миллион тонна. Лойиҳа 2030 йилда тугалланиши режа қилинган. Терминал ва транспорт-логистика марказлари бунёд этилиши, барча зарурий темир йўллар қурилиши. Булар барчаси, Қозоғистон ҳукумати маълум қилишича, 2023 йилнинг ўзидаёқ Каспий йўналишининг экспорт салоҳиятини оширади. Бошқа саноат савдо-логистика мажмуаси - «Алатау» саноат зонаси шаклида амалга оширилиши кўзланган. Лойиҳа 2026 йилнинг 2-чорагида ишга туширилиши мўлжалланган. Россия билан чегарада – Уральскда эса «Евроосиё» Трансчегаравий савдо маркази яратилиши режалаштирилган. У орқали ўтказилган юклар қўшни давлатлар ва Шарқий Европанинг бир қатор шаҳарларига етказилади. Қурилиш 2024 йил охирида якунланиши кўзланган. Хитой билан чегарада озиқ-овқат хаби барпо этилиши маҳаллий ҳамда чет эллик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини сақлаш ва тақсимлаш имконини беради. Бу, шу жумладан, денгиз маҳсулотлари, мева-сабзавот, гўшт-сут ва чуқур музлатилган маҳсулотлар. Кейин эса улар Осмоности юрт ва Осиё-Тинч океанидаги бошқа бозорларга жўнатилади. Хоргос тугуни ривожлантирилиши озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги Қозоғистон-Хитой алоқаларини мустаҳкамлашга замин ҳозирлайди.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.