Астана-Боку: Ҳамкорлик кенгаймоқда

Астана-Боку: Ҳамкорлик кенгаймоқда

Йил бошидан буён Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида товар айланмаси беш марта ўсган. Томонлар бу кўрсаткични бир миллиард долларга етказиш ниятида. Қозоғистон ва Озарбайжон ҳукуматлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида шартнома тайёрламоқда. Лойиҳага кўра, томонларнинг ҳар бири ҳамкорлик қилаётган хўжалик юритувчи субъектлар учун шарт-шароит яратиши зарур.

Рашад Гасанов, эксперт-иқтисодчи:

- 2021 йилда Озарбайжон-Қозоғистон ўртасида экспорт ҳажми 53 фоизга ортди. Ижобий ўзгаришлар жорий йилда давом этди. Тўққиз ой ичида экспорт ва импорт ҳажми 420 миллион долларни ташкил қилди. Унинг кўп қисмини Қозоғистондан олинган импорт ташкил қилади.  Озарбайжон ўтган йилдагидан 2,5 марта кўп буғдой сотиб олди. Салмоқли рақамларга қарамай, ўсиш имкониятлари бор. Қатор ҳужжатлар имзоланди, улар рўёбга чиқарилади.

Озарбайжон давлат божхонаси берган маълумотга кўра, Қозоғистондан келтирилаётган гуруч, балиқ маҳсулотлари, дуккаклилар, нефть маҳсулотлари ҳажми 2021 йилдагидан анча ўсган. Шунингдек, Транскаспий йўлаги орқали юк ташиш ва Қозоғистон нефтини «Боку-Тбилиси-Жейхан» трубопроводи орқали транзит қилиш масаласи долзарблигича қоляпти.

Рашад Гасанов, эксперт-иқтисодчи:

- Металлургия маҳсулотлари икки давлат савдосида салмоқли ўрин тутади. Жами 60 миллион доллар товар айланмаси қайд этилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, пропилен ва кимёвий маҳсулотларни келтириш Озарбайжон экспортининг 20-30 фоизини ташкил қилади. Қозоғистон Хитой билан темирйўл алоқасини йўлга қўйгани эса Боку-Тбилиси-Қарс йўлидан фойдаланишга имкон яратади. Бунинг натижасида икки давлат, жумладан, Ақтау ва Алят портларининг транзит салоҳияти ортади.

Шунингдек, транспорт-логистика инфратузилмалари ўтказиш қувватини ошириш режа қилинган. Жорий йилда Транскаспий йўналиши орқали юк ташиш 6 марта ошган. Экспертлар таъкидлашича, Қозоғистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам қулай инвестициявий иқлим шаклланган. Бу эса қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга йўл очади.

Абдумалик Сарманов таржимаси