Болалар ўртасида театр ҳунарлари ривожлантирилади

Болалар ўртасида театр ҳунарлари ривожлантирилади

Эндиликда пойтахтлик ўсмирлар сирли театр оламига нигоҳ ташлаши мумкин бўлади. «Астана Опера» театрида болаларга театр ҳунарлари ўргатила бошланди. Айни дамда 4 та тўгарак очилган. Яқин келажакда 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари учун яна иккита ижодий тўгарак ишга тушади. Мазкур лойиҳа Қозоғистонда «Болалар йили» доирасида амалга оширилмоқда.

Виктор Караре, «Астана Опера» театри директор ўринбосари:

- Ўринлар учун ҳокимликка ариза берилади, рўйхат тўлдирилади. Болаларни қабул қиламиз, барча зарур шароит яратилди, улар учун алоҳида зал бўлади, йўналишларда ишлайди. Шунчаки танишув эмас, болалар бу жараён иштирокчисига айланади. Дарсларни юксак малакали театр мутахассислари ўтади.

Шундай мутахассислардан бири – Гаухар Уқасова. У театрда саҳна либослари тикиш устаси сифатида ишлайди. Болаларга кийимни моделлаштириш ва бичиш, мато билан ишлаш, қуроқ тикишни ўргатади. Унинг айтишича, бу сермашаққат ҳунар кўп ғайрат, қунт-эътибор ва албатта, ўз ишига меҳр қўйишни талаб қилади. Гаухар ўз шогирдларида айни шу хислатларни тарбиялашга интилмоқда.

Гаухар Уқасова, ўқитувчи, либос тикувчи уста:

- Жорий йилнинг 1 февралидан машғулотлар бошланди, бугунги кунда 4 та гуруҳ мавжуд, биринчиси – моделлаштириш, иккинчиси – қуроқ тикиш, учинчиси – ёғоч ўймакорлиги, тўртинчиси – ранг-тасвир. Деярли барча гуруҳ тўлди, болаларга ҳаммаси ёқади, улар қизиқиб қолган, кўзлари порлайди, умид қиламизки, мавсум охирида яхши натижа кўрсатамиз.

Театр раҳбарияти айтишича, курс бир йилга мўлжалланган. Уни тугатган болаларга сертификат берилади, шунингдек, улар турли кўргазмалар, ҳатто спектаклларда қатнашиш имконига эга бўлади. Шу тарзда театр санъатнинг ҳайратомуз оламига йўл очади.

Абдумалик Сарманов таржимаси