Қозоғистонда сув тошқини юз берган ҳудудлардан минг нафарга яқин одам эвакуация қилинди. Уларнинг ярми вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилди, қолганлари қариндош-уруғлариникида. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотга кўра, маҳаллий ҳокимликлар махсус эвакуация марказлари ташкил қилган. Тошқин туфайли кўрилган зарарни ҳисоблаш учун махсус комиссия тузилди.
Жўмарт Асқаров, Қозоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги департамент бошлиғи ўринбосари:
– Энг мураккаб вазият Ақтўбе ва Ғарбий Қозоғистон вилоятларида юзага келди. Мамлакат ғарбига Манғистау ва Атирау вилоятларидан қўшимча кучлар сафарбар қилинди. Минтақаларда тегишли ишлар амалга ошириляпти.
Ҳозир 340 та аҳоли манзилгоҳида тошқин хавфи чекингани маълум қилинди. 385 тасида фалокат эҳтимоли камайтирилди. Бироқ 285 қишлоқда ҳалича хавф сақланиб қолмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.