«Ecojer» биринчи халқаро конгресси бўлиб ўтди

«Ecojer» биринчи халқаро конгресси бўлиб ўтди

«Барқарор келажак ярат!». Нур-Султонда шу шиор остида «Ecojer» биринчи халқаро конгресси бўлиб ўтди, тадбир мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланди.

Унда Қозоғистон ва Евроиттифоқ давлат органлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, юртимиздаги саноат корхоналари раҳбарлари ва экофаоллар иштирок этди. Қатнашчилар атроф-муҳитга салбий экотаъсирни камайтиришнинг имконият ва йўлларини муҳокама қилди. Спикерлар тоза, энергетик ва яшил технологиялар соҳасидаги бизнес-имкониятларга ҳам эътибор қаратди. Қолаверса, стартаплар, уларнинг тармоқлар, шаҳар ва инфратузилмага таъсири масаласида тўхталиб ўтилди.

Лаззат Рамазанова, «Ecojer» ассоциацияси кенгаш раиси, қозоғистон республикаси парламент мажилиси депутати:

- Биз бугун Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда илк конгрессни ўтказмоқдамиз. Глобал интеграциявий жараёнлардан Қозоғистон ҳам четда эмас, биз ўз кун тартибимизни дунёники билан солиштириш истагидамиз, юртимизнинг атроф-муҳит ва экология масалаларидаги ўрнини кўрсатмоқчимиз. Ушбу конгресс майдончаларида мавзулар жуда кўп, биринчи навбатда, саноатни экологияга мослаштириш. Экологик дипломатия, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ ҳолда дунёда хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳам.

Конгресс якунларига кўра, резолюция қабул қилинди, ундан иштирокчиларнинг Париж келишуви доирасида Қозоғистон зиммасига тушган мажбуриятларни муваффақиятли бажарилишига оид таклиф- тавсиялари ўрин олган.

Абдумалик Сарманов таржимаси