Қозоғистон Президенти Тожикистонда ўтказилаётган «Марказий Осиё – Россия» иккинчи саммитида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб йўналишларини кўрсатиб ўтди. Давлат раҳбари таъкидлашича, фаол ривожланаётган минтақа салоҳияти бутун дунёда тан олиняпти. Тегишлича, С5+ форматидаги музокараларга қизиқиш ортяпти. Минтақа республикаларининг Россия билан самарали алоқалар ўрнатишига уч йил аввал Астанада бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Россия» биринчи форуми катта туртки берди. Бундай форматдаги олий даражали навбатдаги учрашув ҳамкорликни ривожлантириш имконини яратади. Марказий Осиё давлатларининг учдан бир қисми Россия билан амалга оширилмоқда. Ўтган йили у 20 фоизга ошди ва 50 миллиард долларга етди. Унинг ярмидан зиёди яъни 28 миллиард доллари Қозоғистон - Россия савдосига тўғри келади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Россия Қозоғистон иқтисодининг энг йирик инвесторлари қаторига киради, у 26 миллиард доллар сармоя киритди. Келтирилган Россия инвестициялари ўтган йили 33 фоизга кўтарилди ва 4 миллиард доллардан ошди. Бунга саноат кооперацияси фаол ривожланиши ҳисобига эришилди. Умумий инвестициялар ҳажми 21 миллиард доллардан зиёд бўлган 114 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Яна 4,5 миллиард доллар қийматга эга 33 та лойиҳа устида иш давом этяпти.
Давлат раҳбарининг фикрича, қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги истиқболлар очиляпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев донни чуқур қайта ишлаш бўйича кластерлар яратиш ва юқори қўшимча қиймати бўлган маҳсулот чиқаришни таклиф қилди. Устуворликлар қаторида транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш ҳам бор. 11 та халқаро йўналиш Қозоғистон ҳудудидан ўтади, Осиё ва Европа ўртасидаги юкларнинг 85 фоизи мамлакат орқали жўнатилади. 15 йилда соҳага 35 миллиард доллар сармоя киритилган. Қозоғистон орқали Россиядан Марказий Осиёга юк транзити 26 фоизга кўпайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Россия ва Туркманистондаги ҳамкорлар ёрдамида «Шимол – Жануб» транспорт йўлагининг шарқий йўналишини ривожлантиряпмиз. Бугунги кунда унда юк ташиш ҳажми анча кўпайди. 2027 йилга бориб ушбу транспорт артерияси қувватини икки марта ошириш мўлжалланган. Ўтган йил якунларига кўра, ундан салкам 2,5 миллион тонна маҳсулот ташилган. Йўналиш салоҳияти тўла очилиши ва зарур маблағлар жалб этилиши учун «Шимол – Жануб» транспорт йўлагининг шарқий йўналишини инвестиция ва инфратузилмалар билан таъминлашга қаратилган қўшма дастур тузиш зарур.
Энергетика соҳаси долзарб, Қозоғистонда «Росатом» иштирокида биринчи АЭС қурилишини ҳисобга олсак, мазкур йўналишда ҳам ҳамкорлик учун катта имкониятлар бор. Президент мамлакатда Ядро ёнилғиси ва радиоактив чиқиндилар соҳасида Малакалар минтақавий кенгашини тузишни таклиф қилди. Ва, албатта, экология йўналиши. Қосим-Жўмарт Тўқаев Экология масалалари бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Россия вазирлар кенгашини таъсис этиш масаласини кўтарди. Давлат раҳбари хавфсизликни таъминлаш, терроризм, гиёҳванд моддалар айланмаси, кибержиноятчиликка қарши курашни ҳам кўрсатиб ўтди. Қозоғистон етакчисининг фикрича, «Марказий Осиё – Россия» форматида Хавфсизлик кенгаши котибларининг биргаликда иш юритишлари жуда муҳим.
Абдумалик Сарманов таржимаси

