Тошкентда Абай ижодига бағишланган кўргазма ўтказилди

Тошкентда Абай ижодига бағишланган кўргазма ўтказилди

 «Абай. Қардош халқлар мероси». Тошкентда буюк қозоқ шоири ва мутафаккирига бағишланган кўргазма ўтказиляпти. Экспозицияда Абайнинг ноёб қўлёзмалари, қозоқ халқ анъанавий маиший ҳаётида қўлланган буюмлар, декоратив-амалий санъат намуналари, қозоқ ёзма адабиёти асосчиси тўғрисидаги китоблар тақдим этилган. Шу ернинг ўзида махсус видеотасма ёрдамида Абай ижоди ва ҳаёти ҳақида маълумот олиш мумкин. Кўргазма йил охиригача давом этади.

 АЗИЗ АБДУҲАКИМОВ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ, ТУРИЗМ ВА МАДАНИЙ МЕРОС ВАЗИРИ:

– Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур тадбир Тошкент аҳли, меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Жуда кўп ёшлар ташриф буюрганини кўрдик. Мазкур кўргазма тимсолида халқларимиз ўртасидаги абадий дўстликни кўриш мумкин. Менимча, ҳар бир инсон Абай ижодини, фалсафий фикрларини тушунар, ҳис қилар экан, турк халқлари бирлигини, маънавий яхлитлигини чуқур ҳис этади.

ТУРДИҚУЛ ШАНБАЙ, «ЖИДЕБАЙ-БЎРИЛИ» АБАЙ ДАВЛАТ ТАРИХ-МАДАНИЯТ ВА АДАБИЙ МЕМОРИАЛ МУЗЕЙ-ҚЎРИҚХОНАСИ ДИРЕКТОРИ:

– Музейимиз Қозоғистонда ҳам, Евроосиёда ҳам тенгсиз. Бизда Абай, Мухтор Авезов, Шакарим, «Алаш» ҳаракати арбоблари, 30 та шеърият мактаби мероси ҳақида кенг қамровли маълумот бор. Менимча, Абай ижоди туфайли жаҳон қозоқ маданиятини таниди.

Абдумалик Сарманов таржимаси