Қозоғистон – очиқ майдонлар мухлислари учун тренд йўналиш

Қозоғистон – очиқ майдонлар мухлислари учун тренд йўналиш

Қозоғистон очиқ майдонлар ва сокин туризм мухлислари ичида оммалашиб боряпти. Forbes Italia мамлакатимизни 2025 йилнинг тренд йўналишлари қаторига киритди. Мақолада таъкидланишича, икки давлатни бевосита Астана – Милан авиайўналиши боғлаб турибди. У туризм оқимлари кенгайиши ҳамда логистика ривожланишига хизмат қилади. Мақола муаллифлари маҳаллий ошхонанинг хилма-хиллигига алоҳида эътибор қаратди. Аввалроқ Британиянинг нуфузли «Lonely Planet» нашри ҳам Қозоғистонни жорий йилда саёҳат қилиш учун энг яхши давлатлар қаторида тилга олганди. CNN Travel версиясига кўра, Алмати энг жозибадор масканлар қаторига киради.

Даниел Сержанули, «Kazakh Tourism» миллий компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари:

– Мен бу рўйхатга киритилишимиз шунчаки тасодиф эмас, деб ҳисоблайман. Аввалроқ Euronews ҳам 2025 йил трендлари қаторида сокин туризмга қизиқиш ортаётганини кўрсатиб ўтган. Нашр яна бир истиқболли ва қизиқарли йўналиш – астротуризм ҳақида ҳам маълумот берган. Шунга кўра, «Kazakh Tourism» бу йўналишларни ривожлантиради. Биз темирйўл йўналишларини ҳам фаоллаштираяпмиз. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида фаолиятни йўлга қўйдик. Шу каби бошқа таклифлар кўриб чиқиляпти.

Айни вақтда, хорижлик туристлар учун Қозоғистоннинг қайси минтақалари жозибадор эканлиги аниқланди. «Kazakh Tourism» компанияси eQonaq ахборот тизими маълумотларини таҳлил қилди. Унда 525 мингтадан зиёд тўхташ жойи рўйхатга олинган. Тадқиқотлар кўрсатишича, хорижлик туристлар учун Алмати энг оммалашган манзил бўлиб қолаяпти. Мегаполисга ўтган йили 534 минг меҳмон келган. Рейтингнинг иккинчи поғонасида - Астана. 2024 йилда пойтахтга келган меҳмонлар сони уч юз минг нафарга яқинлашди. Илғор учликка Алмати вилояти ҳам киради. Минтақада тўхтаб ўтган туристлар сони 60 фоизга ортган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.